Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борсин.
Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, давлат ва жамоат ташкилотларининг таклифларини инобатга олиб:
1. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Дастур деб юритилади) 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
2. Дастур ижросини таъминлаш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Республика ишчи гуруҳи (А.Н.Арипов):
Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг юқори савияда ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борсин.
4. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарлари зиммасига Дастурда кўрсатилган тадбирларнинг юқори савияда ва белгиланган муддатларда амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият юклансин.
5. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва оммавий ахборот воситаларига Дастур тадбирларининг амалга оширилишини мунтазам равишда ёритиб бориш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси К.К.Куранбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев
18 июль 2017 йил