...
МЕНЮ
ONLINE TV

GM Uzbekistan мустақиллик байрамига янги автомобилларни тақдим этади


14:45, 19.07.2017 Жамият
 8 399

Бугун, 19 июль куни Ўзбекистонда автомобиль заводи ишга тушганига 21 йил тўлди.

Бугун, 19 июль куни Ўзбекистонда автомобиль заводи ишга тушганига 21 йил тўлди. Шу кунгача Асака автомобиль заводида дастлаб Damas, Nexia ва Tico русумли автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2008 йилда мазкур завод негизида GM Uzbekistаn қўшма корхонаси ташкил этилди. Бугунги кунда Chevrolet бренди остида ишлаб чиқарилаётган Spark, Laсetti, Cobalt, Orlando, Сaptiva, Labo, Malibu каби халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий автомобиллар нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам харидоргир.
 
Ўтган йилдан эътиборан Т-250 лойиҳаси доирасида Еvro-5 талабларига мос Ravon бренди остидаги дастлабки Neхia-R3 автомобиллари харидорларга етказиб берила бошланди. Италия технологияси асосида метан газига мослаштирилган Laсetti ишлаб чиқариш бўйича дастлабки қадам қўйилди.
 
“Корхонамизнинг бош шиори – харидорлар талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда, хавфсиз ва қулай замонавий русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш. Шу мақсадда янги русумдаги моделларни жорий этиш устидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига халқимизга янги русумдаги автомобилларни тақдим этишни режалаштирганмиз”, дейди GM Uzbekistan АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов.
 
Заводда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, экспорт географиясини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўнлаб халқаро стандартлар билан тақдирланган GM Uzbekistan АЖ автомобиллари дастлаб Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Арманистон ва Молдова каби 10 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинган бўлса, ҳозир улар сафига Гана, Кот-д’Ивуар, Иордания, Ливан, Габон, Ливия, Кабо-Верде, Ироқ, Сенегал, Нигерия, Мадагаскар, Афғонистон, Тожикистон каби давлатлар ҳам қўшилган. Экспорт географиясини янада кенгайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
 
Шунингдек, Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги заводларда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар, махсус транспорт воситалари турлари бугун 100 дан ошиб кетди.
 
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июндаги “Хорижий инвестициялар иштирокидаги “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” корхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан айни кунларда “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси “Пежо Ситроен” гуруҳи билан ҳамкорликда барпо этаётган автомобиль заводининг қурилиши давом этмоқда.
Бобур Жалолов

Теглар:Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive GM Uzbekistan 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


GM Uzbekistan номи ўзгаради

18:49, 05.02.2019 9 309

Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар