...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев янги қарорни имзолади


12:15, 31.12.2016 Жамият
 12 439

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 29 декабрь куни янги қарорга имзо чекди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб таълим-тарбия оҳасига, кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 29 декабрь куни “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни ЎзАда чоп этилди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
 
1. Қуйидагиларни ўз ичига олган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади): 

мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;
 
2017-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг асосий параметрлари, молиялаштириш ҳажми ва манбалари 2, 3-иловаларга мувофиқ;
 
2017-2021 йилларда мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳларни ташкил қилишнинг асосий параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
2. Дастурнинг асосий мақсадли вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин: 

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш шароитларини яратиш; 

мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш;
 
мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича 6100 та қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш; 

замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш;
 
2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш.
 
3. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурнинг бажарилишини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб юритилади) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
 
Республика комиссияси (А.Н.Арипов) Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан масъул бўлган вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштиришни, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши ҳамда асосий параметрларга эришилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширсин. 

Республика комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномаси бўйича мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли рўйхатига тасдиқланган асосий параметрлар доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин. 

4. Қуйидагилар Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
 
мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек ўйин майдончалари, болалар айвонлари қуриш ва уларнинг ҳудудини ўраш мақсадлари учун – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади); 

мактабгача таълим муассасалари ҳудудини ободонлаштириш ва ичимлик суви билан таъминлаш учун – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг маблағлари; 

мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш учун – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
 
халқаро молиявий институтлар, ташкилотлар ва донор мамлакатлар маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
 
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилдан бошлаб Жамғарма параметрларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг харажатлар сметасида Дастурни амалга ошириш учун зарур маблағларнинг таълим соҳасига ҳар йилги ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида алоҳида сатр билан ажратилишини назарда тутсин.
 
5. Белгилансинки:
 
мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш намунавий лойиҳалар бўйича амалга оширилади;
 
мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича буюртмачи вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси зиммасига юклатилади; 

мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлаш, мол-мулкидан самарали фойдаланиш ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги зиммасига юклатилади.
 
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси:
 
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги буюртмаси асосида “ТошуйжойЛИТИ” акциядорлик жамияти билан биргаликда хорижий тажрибадан ва мамлакатимизнинг иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, янгидан қурилиши белгиланган қуввати 70 ва 120 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаларининг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин;
 
Дастур доирасида мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин;
 
буюртмачилар билан пудратчилар ўртасидаги шартнома мажбуриятларининг бажарилиши, жумладан тасдиқланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ бажариладиган лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларига қўйиладиган талабларга ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин.
 
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
 
ушбу қарорнинг 2-иловасига мувофиқ, тасдиқланган мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг асосий параметрлари самарали ва сифатли бажарилишини таъминлаш; 

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури лойиҳаси ва қурилишнинг манзилли рўйхатини шакллантиришда янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ҳамда уларни зарурий жиҳоз ва инвентарлар билан таъминлашнинг молиялаштириш ҳажмини аниқлаган ҳолда, мактабгача таълим муассасаларининг аниқ сони ва рўйхатини белгилаш чораларини кўрсин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига қуйидагиларни амалга оширишда шахсий масъулият юклатилсин:
 
мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш манзилли рўйхатига киритилган объектлар бўйича танлов (тендер) савдоларини ўз вақтида ўтказиш;
 
мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши ва фойдаланишга топширилишида тасдиқланган намунавий лойиҳа, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига қатъий риоя қилиш. 

9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўзларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
 
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси 
Президенти  Ш.Мирзиёев 


Тошкент шаҳри, 
2016 йил 29 декабрь

Теглар:Президент қарори 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар