
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда нутқ сўзлаб, аёлларга байрам табригини йўллади.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда нутқ сўзлаб, аёлларга байрам табригини йўллади.

"Бу қутлуғ айёмда ҳурматли аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор этар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз. Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Менинг тилагим, менинг мақсадим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинглар! Нега деганда, аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир".
Давлат раҳбарининг 2018 йил 2 мартдаги қарорига мувофиқ бу йил янги тартиб асосида 28 нафар фаол қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Хабарингиз бор, бугун, 7 март куни Президент Шавкат Мирзиёев аёллар, хотин-қизларга қувонч улашган яна бир ҳужжат – “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш тармоқлари, тадбиркорлик, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқа соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ аёллар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган хотин-қизлар, турли вазирлик ва идоралар вакилалари тўкин дастурхон атрофида жам бўлди.
Тадбирга мамлакатда фаолият юритаётган дипломат аёллар, жумладан, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, Америка Қўшма Штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Франция, Миср Араб Республикаси элчиларининг ҳам таклиф қилинди.
Байрам санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан давом этди.