...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан қачон учрашиши маълум қилинди


09:48, 01.02.2017 Жамият
 7 132

The George Washington University таҳлилчиси, сиёсатчи Рафаэль Сатторов Россия-Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин яқин 2-3 ой ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашади. Бу ҳақда Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков хабар қилди.
 
“Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ва Россия нефтига қўйиладиган божни бекор қилиш масалаларини муҳокама қилиш учун Москва шаҳрига келади”, дейилади хабарда.
 
Учрашув давомида ҳарбий-техник ҳамкорлик борасида ҳам муҳокама ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, энергетика ва миграция сиёсати борасида ҳам мунозаралар ташкил этилади.
 
“Россия Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун катта бозор. Шундай экан, бу бозорни кенгайтириш борасида муҳокама ўтказилиши икки томон учун ҳам манфаатли. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ислоҳотлар амалга оширяпти. Хусусан, пахта плантацияларини бекор қилиб, ўрнига мева етиштиришни йўлга қўйди. Бу учрашув давомида Россия нефтига қўйилган божни бекор қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Яқинда Ўзбекистоннинг божсиз нефть етказиш борасидаги сўрови Россия ҳукумати томонидан қониқтирилмаган эди. Шунингдек, ўзбекистонлик мигрантлар борасида ҳам муҳокама ташкил этилиши кутилмоқда”, дейди Дмитрий Песков “Известия” нашрига берган интервьюсида.
 
Хабарда келтирилишича, муҳокамалар якунига кўра, Россия қурол бозорида янги йирик мижозга эга бўлиши мумкин. 2016 йил ноябрь ойида Россия ва Ўзбекистоннинг Мудофаа вазирлари Сергей Шойгу ва Қобул Бердиев ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгаштириш  борасида келишув имзолашган эди. Ўшанда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири мамлакатнинг қуролли кучларини модернизация қилишда Россиянинг замонавий қурол-яроғларига эътибор қаратишини маълум қилганди.
 
Россия ва Ўзбекистоннинг муносабатлари айни вақтда етакчи сиёсатчиларнинг нигоҳи остида. Хусусан, The George Washington University таҳлилчиси, сиёсатчи Рафаэль Сатторов Россия-Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга кўтарилиши мумкинлигини таъкидламоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг Россиянинг етакчи иқтисодчилари ва сиёсатчилари билан илиқ алоқалари борлиги қайд этилди.
 
Айтиш керакки, Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев 2016 йил сентябрь ойида қисқа муҳокамалар ўтказишга улгуришган. Ўшанда Россия раҳбари Хитойдан Москвага қайтиш чоғида Самарқандга ташриф буюриб, Ўзбекистон  Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилганди.
Дурдона Расулова 

Теглар:Ўзбекистон-Россия Владимир Путин Шавкат Мирзиёев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар