Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни бугун, 12 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёев Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.
“Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин бўлади. 2016 йилда Бухорода бўлганимда менга ҳамроҳлик қилганингиз учун миннатдорман. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради”, деди Си Цзиньпин.
Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
“Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида дадил бораётган мамлакат сифатида билади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Фото: Mark Schiefelbein