Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Туркия сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, ҳарбий-техник, сайёҳлик, логистика ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган салоҳиятга эга эканини қайд этган.
“Туркия Республикаси ва қардош Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ва қардош Ўзбекистон халқини шахсан ўз номимдан ва Туркия халқи номидан самимий табриклайман ва эзгу истакларимни йўллайман”, деб ёзади Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған.
2016 йил 18 ноябрь куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келган Туркия Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президенти билан Самарқанд шаҳрида ўтган музокаралар чоғида ўзаро муносабатларни кенгайтириш борасида ҳамкорликда ишлаш тўғрисида эришилган келишувлар амалга оширилишига ишонч билдирган эди. Туркия икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлидаги ҳамкорликни ўзаро ишончли асосда икки томонлама, минтақавий ва халқаро миқёсда ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қутловида “1992 йилнинг март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг қисқа вақтда, яъни ўша йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида Туркия Республикаси элчихонаси очилган”ини алоҳида таъкидлаган.
“Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг шу йил 26 февраль – 2 март кунлари Туркияга ташрифи ўзаро келишувларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, менинг вакилим билан учрашганингиз ва алоҳида ҳурмат кўрсатганингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Туркия сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, ҳарбий-техник, сайёҳлик, логистика ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган ва бир-бирини тўлдирадиган улкан салоҳиятга эга эканини қайд этган. Шу нуқтаи назардан ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Президенти томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини қардош халқлар фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.