Ўзбекистон Президенти МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси иштирокчилари билан яккама-якка учрашди.
Кеча, 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Беларусь Республикаси Бош вазири Андрей Кобяков ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашувда конструктив ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани ҳақида фикр юритилгани қайд этилган.
Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев билан учрашувда олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатларни изчил амалга ошириш масалалари кўриб чиқилгани айтилди.
Беларусь Республикаси Бош вазири Андрей Кобяков билан учрашувда Ўзбекистон–Беларусь муносабатлари ривожидаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.
Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев билан учрашув чоғида Туркманистонга олий даражадаги ташрифлар ва давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини стратегик шериклик босқичига кўтаргани таъкидланди.
Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь ва Туркманистон ҳукуматлари раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўз давлатлари раҳбарларининг эзгу тилакларини етказгани маълум қилинган.