Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган корхоналар негизида 3 та технопарк ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 февраль куни пойтахт Тошкентда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш асносида Яккасарой туманидаги “Яккасарой кичик саноат зонаси” давлат унитар корхонасига ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бунда янги босқични, янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Сергели ва Яккасарой туманларида узоқ йиллардан бери фаолият кўрсатмаётган корхоналар негизида 3 та технопарк ташкил этилган бўлиб, улар тадбиркорларга мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишда қулай шарт-шароитлар яратмоқда.
Яккасарой туманидаги собиқ тўқимачилик комбинати ҳудудида ташкил этилган “Яккасарой кичик саноат зонаси” давлат унитар корхонасининг умумий ер майдони 61,2 гектарга, бино ва иншоотлар майдони 338 минг квадрат метрга тенг. Ҳозир бу ерда 284 тадбиркорлик субъекти тўқимачилик, кимё саноати, озиқ-овқат, мебелсозлик, металлни қайта ишлаш, қоғоз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, машинасозлик каби тармоқларда фаолият юритмоқда. Улар томонидан 2016 йилда 630 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 48,5 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган.
Тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида технопарк ҳудудида банк шохобчаси, нотариал идора, темир йўл линияси хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда 6 минг 600 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда.
Давлат раҳбари технопарк ҳудудидаги лойиҳалар билан танишар экан, бундай кичик саноат зоналарини пойтахтимизнинг барча туманларида ташкил этиш, уларда кичик бизнес вакилларига кенг имтиёзлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур корхоналарнинг хорижий ҳамкорлар топишига кўмаклашиш лозимлиги, бу уларнинг чет эл бозорларига чиқиши ва маҳсулотлари экспортини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев технопарк ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқотда мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини янада ривожлантириш, хорижий кўргазмаларда фаол иштирок этишни таклиф этди. Мутасадди раҳбарларга бундай фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга кенг йўл очиш, тадбиркорларга хориждан хомашёни келтириш ва юртимизда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун инвестициялар ажратиш бўйича тегишли топшириқлар берди.