Янги уй соҳиблари Президент билан суҳбатда яратилган шароитлардан мамнун эканлигини изҳор этишди.
Тошкент шаҳри сайловчилари вакиллари билан учрашувда пойтахтдаги уй-жой муаммосига алоҳида эътибор қаратган Давлат раҳбари, учрашувда 5 йил давомида пойтахтнинг ҳар бир туманда ўртача 20 тадан, умумий ҳисобда 200 тадан ортиқ 7 ва 9 қаватли кўп хонадонли уй-жойлар қурилишини таъкидлаган эди.
Жорий йилнинг бошида қурилиши бошланган мазкур уй-жойлар бугун тўлиқ якунига етказилди. Шавкат Мирзиёев ўтган давр мобайнида қурилиш ишларининг бориши билан бир неча маротаба танишди, тегишли топшириқлар берди.
Президент бугун, яъни 17 ноябрь куни мазкур уй-жойларни бориб кўрди. 13 гектар майдонда 66 кўп қаватли уй-жой қад ростлаган. 1, 2 ва 3 хонали бу уйлар аҳолига имтиёзли кредитлар асосида берилди.
Уйлар атрофида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта таълим мактаби, 61-сонли оилавий поликлиника, ёпиқ турдаги сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта ва китоб дўкони, дам олиш масканлари, поликлиника, болалар майдончалари, автомобиль турар-жойлари, велотрассалар барпо этилган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабарига кўра, Президент Шавкат Мирзиёев келажакда қуриладиган бу каби уйларни янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва топшириқлар ҳам бериб ўтган.