Давлат раҳбари “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалигигада барпо этилиши режалаштирилаётган ёнғоқзорлардан бирида бўлиб, нуронийлар билан бирга бу ерга ёнғоқ кўчати ўтқазди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 14 апрель куни Самарқанд вилоятига уюштирган ташрифи давомида Қўшработ туманида бўлиб, тоғолди ҳудуд шароити билан танишгани ҳақида хабар берган эдик.
Давлат раҳбари “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалигигада барпо этилиши режалаштирилаётган ёнғоқзорлардан бирида бўлиб, нуронийлар билан бирга бу ерга ёнғоқ кўчати ўтқазди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 мартдаги “Деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, сувга чидамли, экспортбоп дарахт плантацияларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоятининг Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларининг тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда 4 минг 211 фермер хўжалиги ташкил этилади. Фермер хўжаликларида 5,7 минг гектар ёнғоқзор ва 13 минг гектар токзорлар барпо этиш режалаштирилган.
Биргина 2017 йилда 2,5 минг гектар ёнғоқзор, шундан 2,1 минг гектар интенсив, 6,6 минг гектар токзордан 1,3 минг гектар интенсив токзорлар барпо этилиши мўлжалланган.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 271 миллиард сўм ва 8,4 миллион доллар миқдоридаги маблағлар сарфланиши кўзда тутилган. Бу қўшимча 15 минг тонна ёнғоқ ва 50 минг тонна узум маҳсулотлари экспорт қилиш имкониятини яратади. 2017-2018 йиллар давомида 26 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
“Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани сингари Самарқандда ҳам ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп. Уларни ишга солиб, қўшимча даромад топиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш мумкин. Бунинг учун самарали ҳаракат қилиш, одамларда тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишни кучайтириш, томорқадан унумли фойдаланиш керак”, дейди давлат раҳбари.