Давлат раҳбари мазкур халқаро марказнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу муассасада ислом маданияти тарғиботини йўлга қўйиш бўйича комплекс ёндашув ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади.
Самарқандга ташрифини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлаган Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуини зиёрат қилди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев мазкур марказ қурилиши лойиҳаси билан танишди.
Марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш, уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади.
Бугунги кунда Имом Бухорий мажмуаси ёнидан жой ажратилиб, марказни қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.
Давлат раҳбари мазкур халқаро марказнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Бу муассасада ислом маданияти тарғиботини йўлга қўйиш бўйича комплекс ёндашув ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. Бино хоналарида буюк алломаларнинг руҳи, маънавий куч-қудрати ва салоҳияти намоён бўлиб туриши, бунинг учун ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга яраша жиҳозлаш зарурлигини қайд этди.
“Буюк мутафаккир бобомиз, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу масканда ўзига хос маънавий-руҳий муҳит мавжуд. Мажмуага зиёратга келган одам бу марказга ҳам кириб, ўзига катта озуқа олсин, боболаримиз ҳикматларидан ўрганиб кетсин. Шунда уларнинг калбида улуғ аждодларимиз билан фахрланиш туйғуси ривож топади, айни пайтда шундай буюк зотларнинг авлоди масъулиятини ҳис этади”, дейди давлат раҳбари..
Янги марказда алломаларимизнинг бебаҳо меросини ўрганишда ўзига хос мактаб яратган буюк муҳаддислар Имом Бухорий, Имом Термизий, улуғ фақиҳлар Бурҳониддин Марғиноний, Абуллайс Самарқандий, калом илмининг буюк мутафаккирлари Абу Мансур Ал-Мотуридий, Абул Муин Насафий каби аждодларимиз бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ва илмнинг шу соҳалари бўйича мукаммал билимга эга бўлган етук мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев олимлар ва уламолар билан суҳбатда ушбу марказда тадқиқотчиларга Қуръони карим оятларини қироат билан ўқиш, тўғри талаффуз этиш, араб имлосида ёзиш – каллиграфия бўйича мамлакатимиз етакчи олимлари дарсларини йўлга қўйиш, хорижлик тадқиқотчилар учун стажировкалар таъсис этиш ҳақида сўзлади.