Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойип Эрдўғанни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.
Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан 2017 йил октябрь ойида Туркия Республикасига амалга оширилган олий даражадаги самарали ташриф кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ўзбек-турк ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанлиги мамнуният билан қайд этилди.
Шу ўринда Ражаб Тойип Эрдўған Ўзбекистонда Туркия фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз режим жорий этиш бўйича қарор қабул қилинганини юқори баҳолаб, Ўзбекистон раҳбарига самимий миннатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон Президенти минтақада тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида жорий йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Афғонистонда тинчликка эришиш бўйича халқаро конференцияга Туркия Республикасининг делегациясини таклиф этди.
Ўз навбатида, Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу ташаббусни юксак баҳолаб, уни амалга оширишни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳамда мазкур тадбирда Туркиядан юқори даражадаги вакиллар иштирок этишини билдирди.
Мулоқот сўнгида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик алоқалари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканларини яна бир бор тасдиқладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойип Эрдўғанни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга таклиф этди.