Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда.
Бу каби маълумотлар жорий йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Йиғилишда баъзи раҳбарлар аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжлари ва ҳақли талабларига бефарқ муносабатда бўлаётгани таъкидланди. Шикоятларнинг 70 фоизи бевосита маҳаллий ҳокимлик ва идораларнинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бўлса-да, афсуски, кўтарилаётган муаммолар жойида ҳал этилмасдан қолмоқда. Шунинг учун аҳоли ва юридик шахслар марказий идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Шунингдек, мажлисда деярли барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви раҳбарлари огоҳлантириш олиб, айрим мансабдорлар ишдан бўшатилди.
Маълум қилинишича, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Д.Ҳидоятов Вазирлар Маҳакамасининг 2017 йил 14 январдаги йиғилишида берилган топшириқларни бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун лавозимдан олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Абдусаматовга хайфсан берилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.Зокиров, унинг биринчи ўринбосари А.Тўхтаев ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов ҳам хайфсан олди.
Йиғилишда мавжуд камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, Бош вазир А.Арипов, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойбергановга кўплаб мурожаатлар, айниқса, такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли муаммоларни бир ой муддатда ўрганиб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан комплекс таклифлар тайёрлаш вазифаси топширилди.