Президент Қашқадарёга ташрифи давомида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари бу икки қадимий шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга, Шаҳрисабз шаҳрининг ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди.
2016 йилда Қашқадарё устидаги қадимий Амир Темур кўприги реконструкция қилиниб, дарёнинг икки қирғоғида Қарши аҳли ва меҳмонлар дам оладиган сўлим масканлар барпо этилди. Тошкент – Қарши йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар электр поезди қатнови йўлга қўйилди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, мамлакатнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилояти ривожини ҳам янги босқичга кўтариш бўйича улкан режа ва мақсадларни баён этган эди. Президент Қашқадарёга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар билан танишиши кўзда тутилган.