Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги “Бахт” кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги “Бахт” кўп тармоқли фермер хўжалигига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти хабар бермоқда.
Мазкур фермер хўжалиги чорвачилик, паррандачилик, туячилик, йилқичилик, қуёнчиликка ихтисослашган. 4 гектарда интенсив боғ, 1 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари фермер хўжалигида қўшимча тармоқларни ишга тушириш ҳисобига янги иш ўринларини янада кўпайтириш бўйича тавсиялар берди.
Шу ерда вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, аччиқ қалампир, коврак плантациялари ташкил этиш, чорвачилик, куркачилик мажмуалари, пистазор ва ёнғоқзорлар барпо этиш, ўрмон хўжаликларида интенсив усулда кўчат етиштириш, сутни қайта ишлаш, асаларичилик лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев лимончиликни ривожлантириш кераклигига алоҳида эътибор қаратди. “Лимончилик нафақат Қашқадарё воҳаси, балки мамлакатимиз учун энг сердаромад соҳалардан. Бу тармоқни ривожлантириш иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, қўшимча даромад манбаини яратишга хизмат қилади. Шу боис мазкур истиқболли йўналишни қўллаб-қувватлаш, Қашқадарё мисолида лимончилик уюшмасини ташкил этиш лозим”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қашқадарё вилоятида тери хомашёсини қайта ишлаш ва чарм-пойабзал кластерини барпо этиш, аҳолини тухум ва парранда гўшти билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Шавкат Мирзиёев барча лойиҳаларни такомиллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.