...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари билан учрашди


10:40, 25.01.2017 Жамият
 3 064

Шавкат Мирзиёев турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари билан учрашиб, нутқ сўзлади.

Кеча, 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари билан учрашди. Президент учрашувда нутқ сўзлади.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллигига бағишланган учрашувдаги нутқи

Қадрли дўстлар!
 
Сизларни ва сизларнинг тимсолингизда кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқини қутлуғ сана – Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
 
Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади. 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди.
 
Юртимизда ҳукм сураётган дўстлик ва бирдамлик муҳити – тинчлик ва барқарорлик, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришнинг энг муҳим омилидир. Биз барчамиз мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ана шу том маънодаги бебаҳо бойлигимизни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш борасидаги хизматларини яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
 
Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда. Улар умумий уйимиз – Ўзбекистонимиз равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда, ривожланган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

Бизнинг Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.
 
Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантириш ва миллатлараро муносабатларни янада уйғунлаштиришда 137 та миллий маданий марказ етакчи роль ўйнамоқда. Улар ўзларининг ўзига хос маданияти, тили, халқ ҳунармандлигини ривожлантириб, турли маданиятларнинг бир-бирини ўзаро бойитишига, ҳар биримизда кўп миллатли ягона оила туйғусини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
 
Республика байналмилал маданият маркази уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб, амалий ва услубий ёрдам бераётгани алоҳида диққатга сазовордир. 

Марказ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ёрқин тадбирлари асосида маданий ва ижтимоий ҳаётимизни янада теран маъно-мазмун билан бойитмоқда, Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муносабатларини мустаҳкамламоқда. МДҲ давлатлари ўртасида фақат Ўзбекистонда шундай тузилма ташкил этилгани эътиборга лойиқдир.
 
Буларнинг барчаси мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар соҳасида нодавлат ташкилотларнинг ноёб тизими шаклланганидан далолат беради. Ушбу ташкилотларнинг серқирра фаолияти мамлакатимизда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, муҳим маданий-маърифий вазифаларни ҳал этиш, шунингдек, хорижий давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. 

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!
 
Барчангизга маълумки, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида миллатлараро ва динлараро кескинлик кучайиб бормоқда, миллатчилик, диний муросасизлик бош кўтармоқда. Бу иллатлар давлатни емириб, жамиятни парчалаб, радикал гуруҳ ва оқимлар учун мафкура базасига айланмоқда. 

Ана шундай мураккаб вазиятда мамлакатимизда турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш биз учун борган сари муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳеч шубҳасиз, бу бизнинг заминимизда тинчлик ва осойишталикнинг мустаҳкам кафолати, халқимиз бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини оширишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. 

Шу муносабат билан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа кўплаб ташкилотлар, ўйлайманки, маданият ва маърифат, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш соҳасидаги ишларни янада кучайтириши зарур. Бу бугун бизнинг барчамиз учун ҳаётий муҳим вазифадир.
 
Янада огоҳ ва сергак бўлиш, энг асосий бойлигимиз бўлган ва биз ҳақли равишда фахрланадиган кўп миллатли халқимизнинг бирдамлиги ва жипслигини кўз қорачиғидек асраш ҳамда янада мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ўз Ватани, деб биладиган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
 
Биз фақат шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига самарали қарши туришимиз, жамиятимизда турли бузғунчи ғояларга қарши қатъий иммунитет яратишимиз, ўзимиз танлаган демократик тараққиёт йўлида янада салмоқли натижаларга эришишимиз мумкин.
 
Биз ўзимиз учун энг муҳим бўлган ана шу масалага бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз, жумладан, миллий маданий марказлар фаолиятини амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича зарур барча ишларни бажарамиз. 

Масалан, яқинда менга мослаштирилган биноларда жойлашган қатор марказларнинг бир гуруҳ фаоллари ўзларининг меҳнат шароитларини яхшилашга кўмаклашиш тўғрисида мурожаат қилди.
 
Шу муносабат билан пойтахтимиз кўркига кўрк қўшиб турган, илгари «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган Бобур кўчасидаги бинони Республика байналмилал маданият марказига беришни ва уни Дўстлик саройи деб номлашни таклиф этаман. Биз мазкур бинони реконструкция қилиш ва унинг атрофини ободонлаштиришни кўзда тутадиган тегишли ҳукумат қарорини қабул қиламиз. 

Ана шу бинонинг ёнида жойлашган ва мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ўзининг кўплаб тадбирларини ўтказиб келаётган боғни “Дўстлик боғи” деб номлашни таклиф қиламан. 

Шу муносабат билан Бош вазир А.Н.Арипов тегишли идоралар билан биргаликда, бир ой муддатда мазкур боғ ҳудудида Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча элу элат вакилларининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари ва пазандачилик анъаналарини намойиш этиши учун павильонлар барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиши зарур. 

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Наврўз байрами арафасида очиладиган янги боғ эса энди буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталади. 

Фанлар академияси институтлари билан ҳамкорликда мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш Республика байналмилал маданият марказининг яна бир долзарб вазифаси, деб ҳисоблайман.
 
Агар Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ҳар бир миллий маданий марказнинг фаоллари ўзларининг тарихий ватанлари билан маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларни янада фаол ривожлантирадиган бўлса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлади. Республика байналмилал маданият маркази биз учун муҳим бўлган бу масалада катта вазифани бажариши керак.
 
Ишонаманки, яна бир таклифни сизларнинг барчангиз қўллаб-қувватлайсиз. 

Афсуски, ҳозирги вақтда шундай тажриба шаклланганки, мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси турли миллат ва элатлар маданиятининг ўзига хос хусусиятлари билан бир йилда атиги икки-уч марта, энг аввало, Наврўз байрами кунларида танишиш имкониятига эга, бу албатта етарли эмас. 

Шундан келиб чиққан ҳолда, Республика байналмилал маданият маркази Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда юртимиздаги ижодий ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг жамоатчиликни Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва халқлар вакилларининг бетакрор маданияти, халқ ҳунармандчилиги, анъана ва урф-одатлари билан тизимли ва доимий асосда таништириш бўйича дастур ишлаб чиқиши ва ҳар йили йил давомида уни амалга ошириши айни муддао бўлур эди. Бунинг учун уларга мамлакатимиздаги энг яхши концерт майдончалари, театр саҳналари ва кўргазма залларини бериш керак.
 
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси турли халқлар маданиятларининг бир-бирини ўзаро бойитишига, бизнинг кўп миллатли Ўзбекистонимизнинг маънавий ва маданий ҳаётини янада ёрқин намоён этишга хизмат қилади.
 
Қадрли дўстлар! 

Биз сизлар билан мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган жорий йил бошида учрашиб турганимиз чуқур рамзий маънога эга.
 
Одамларнинг дарду ташвиши, манфаатларини ўйлаб яшаш, аҳоли учун муносиб шароитлар яратиш, дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олишни давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгилаганмиз. 

Ишончим комил, сизлар ана шу дастурий вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда фаол иштирок этасиз. Халқимиз сизларнинг биз учун ўта муҳим, шунчалик зарур фаолиятингизни юксак қадрлайди ва у муносиб баҳоланмоқда. 

Мустақиллик йилларида Республика байналмилал маданият маркази ва миллий маданий марказларнинг юздан ортиқ фаоллари фахрий унвонларга сазовор бўлди, орден ва медаллар билан тақдирланди.
 
Турли миллатлар вакили бўлган 14 нафар фуқаромиз Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвон билан мукофотланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
 
Мен сизларнинг кўпчилигингизни шахсан танийман, аксариятингизни телевидение, матбуотдаги чиқишларингиз орқали биламан ва бугун бошқаларга ўрнак бўладиган, халқимизнинг бирлиги ва жипслигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган яна 20 нафардан зиёд ташаббускор ва фидойи юртдошларимизга Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширишдан хурсандман. 

Уларнинг орасида Навоий вилояти Конимех туманидаги қорақалпоқ миллий маданий маркази фаоли Нуркул Базарбаева, Республика байналмилал маданият маркази директорининг ўринбосари Сергей Миронов, Тошкент вилояти Янгийўл тумани татар миллий маданий маркази раиси Анися Гатауллина, Сирдарё вилояти рус миллий маданий маркази раиси Фаина Голубцова, Хоразм вилояти қозоқ миллий маданий маркази раиси Пўлатбек Изюмов, Жиззах вилояти корейс миллий маданий маркази раиси Олег Ким, Фарғона вилояти яҳудий миллий маданий маркази раиси Семён Абдураҳмонов, Тошкент шаҳридаги литва миллий маданий маркази раиси Лидия Довидайтис, Самарқанд вилоятидаги немис миллий маданий маркази раиси Наталья Кайзер, Нукус шаҳридаги “Славутич” украин миллий маданий маркази раиси Ольга Миронец, Қашқадарё вилоятидаги тожик миллий маданий маркази раиси Абдурасул Эргашев каби юртдошларимиз бор.
 
Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Свитанак” белорус миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Нина Шубникова, Қашқадарё вилоятидаги араб миллий маданий маркази раисининг ўринбосари Ниёзмуҳаммад Панжиев, Бухоро вилоятидаги турк миллий маданий маркази раиси ўринбосари Жума Шукуров, республика озарбайжон миллий маданий марказининг “Озарбайжон қизлари” ансамбли бадиий раҳбари Кайкеп Алиева, Қорақалпоғистон Республикаси туркман миллий маданий маркази фаоли Аразмухаммет Абаев, Андижон вилоятидаги қирғиз миллий маданий маркази фаоли Умутхон Маматалиева, республика арман миллий маданий маркази фаоли Георгий Сааков ва бошқалар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан энг муҳим вазифани бажармоқда, яъни мамлакатимизни ривожлантиришга, унинг маънавий ва инсонпарварлик асосларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
 
Энди учрашувимизнинг ҳаяжонли қисмига ўтиш – Ватанимизнинг юксак мукофотларини топширишга рухсат бергайсиз. 

Ҳурматли дўстлар! 

Сизларнинг барчангизни Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 25 йиллиги билан яна бир бор табриклаб, жонажон Ўзбекистонимизнинг барқарор тараққиёти ва фаровонлиги йўлида беғараз меҳнатингиз учун ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни изҳор этишга ижозат бергайсиз. 

Сизлар билан, кўп миллатли ва меҳнатсевар халқимиз билан биргаликда эркин демократик ва фаровон давлат қурамиз ҳамда кўзлаган юксак мақсадларимизга албатта эришамиз. 

Сизларнинг барчангизга мустаҳкам соғлик ва омад, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
 
Барча эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўлласин! 

Гўзал диёримизда доимо тинчлик-осойишталик барқарор бўлсин! 

Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо, халқимиз омон бўлсин! 

Эътиборингиз учун раҳмат.

Теглар:Шавкат Мирзиёев билан учрашув Президент нутқи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар