...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилма инвестициялари банки раҳбарини қабул қилди


10:26, 09.08.2017 Жамият
 1 665

Банк кўмагида Ўзбекистон Республикасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган лойиҳалар амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 август куни Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Осиё инфратузилма инвестициялари банки президенти Цзинь Лицюнни қабул қилгани ҳақида хабар берилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Банк раҳбарини Осиё қитъасида замонавий ва ишончли инфратузилмани шакллантиришга кўмаклашадиган янги халқаро молия институти бўлган ушбу банк ўз амалий фаолиятини муваффақиятли бошлагани билан самимий табриклади.
 
Учрашув чоғида Ўзбекистон Республикасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган истиқболли лойиҳаларни – сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий автомобиль йўллари қуриш, темир йўлларни электрлаштириш ва пойтахт метрополитени тармоғини кенгайтириш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишга доир ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
 
Қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвестицияларни тўғридан-тўғри жалб қилиш механизмини яратиш бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлиги алоҳида таъкидланди.
 
Банк Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорлик қилишга тайёр эканини алоҳида таъкидлади. 
 
Маълумот учун, 2015 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Пекинда жойлашган Осиё инфратузилма инвестициялари банки дунёнинг турли мамлакатларида 17 инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда фаол қатнашмоқда.
 
Ўзбекистон 2016 йилнинг ноябрь ойида банкни таъсис этиш тўғрисидаги битим доирасида давлатнинг ички тартиб-таомилларини бажарди ва ушбу халқаро молия институтининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.
Зоҳиршоҳ Жўраев 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилма инвестициялари банки Цзинь Лицюн 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар