Президент Навоийдаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент вилоятда 2017 йилда бажарилган ишлар, жорий йилда амалга ошириладиган истиқболли режалар ҳақида маъруза қилди.
Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинатида қиймати 3 миллиард доллар бўлган 27 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб комбинатнинг ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади, 30 мингдан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.
Шундай кластерлар намунаси асосида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган кластерлар ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.
Сув тежайдиган технологиялар асосида мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, яйловларда қоракўлчилик ва эчкичиликни ривожлантириш, Нуротада пистачиликка ихтисослашган ўрмон хўжалиги ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
“Навоий вилояти бой табиий ресурсларга, улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Бу бойликни халқимиз манфаати йўлида ишлатиш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Одамларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгармоқда. Дунёқарашни нима ўзгартиради – илм, даромад, манфаат”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент Навоий вилоятида фойдалинилмаётган имкониятларни таҳлил қилиб, уларни ишга солиш орқали одамларни иш билан таъминлаш, молиялаштириш базасини кенгайтириш, маҳаллий бюджетларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш, имортни қисқартириш ва экспортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятни ижтимоий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш, кўп қаватли уй-жойлар қуриш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги долзарб масалалар ҳал этилди.
Хусусан, арзон уй-жойлар қуриш ўтган йилгига нисбатан икки баробар ошириладиган, вилоят соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва шифохоналарни жиҳозлаш учун 4,5 миллион доллар маблағ ажратиладиган бўлди. Кам таъминланган оилалар тўйларини давлат томонидан ихчам тарзда ўтказиб берувчи жамғарма ташкил этилиши маълум қилинди.
Видеоалоқа орқали бошқа туман ва шаҳарлардаги одамлар билан мулоқот қилинди. Давлатимиз раҳбари уларнинг талаб ва истакларини бажариш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Навоий вилоятининг меҳнаткаш аҳолиси белгиланган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб, ҳар томонлама ривож топишига ишонч билдирилди.
Президентнинг Навоий вилоятига ташрифи ниҳоясига етди.