Деҳқонларимиз, чигит қадаётган фермерларимиз, далаларда ишлаётган меҳнаткашларимизга қут-барака тилаймиз. Уларнинг қилган дуолари юртимизга тўкин-сочинлик олиб келсин.
Президент халқ вакиллари, уста-ҳунармандлар билан мулоқот қилиб бўлгач, телевидение орқали Ўзбекистон халқига байрам табригини йўллади.
Табрикда шундай дейилади:
“Далаларимизда, узоқ-узоқ қишлоқларимизда халқимиз Наврўзи оламни, уйғониш, яшариш байрамини катта тантана билан кутиб олмоқда. Албатта, жонажон Ватанимизда бўлаётган ўзгаришлар, қабул қилган стратегиямизнинг энг катта маъно-мазмуни шу халқимизни рози қилишдир.
Бугун, албатта, байрамни катта сайил тарзида ўтказганимиз бежиз эмас. Қишдан чиққан халқимиз баҳорий байрамни катта хурсандчилик, шукроналик билан кутиб олмоқда.
Вилоятларимизни айланиб чиққанимизда, оқсоқолларимиз, мунис оналаримиз, сингилларимиз, фарзандларимизнинг кайфиятлари ҳаммамизга куч бағишлади.
Деҳқонларимиз, чигит қадаётган фермерларимиз, далаларда ишлаётган меҳнаткашларимизга қут-барака тилаймиз. Уларнинг қилган дуолари юртимизга тўкин-сочинлик олиб келсин.
Жонажон ватанимизда кўп миллатли халқимиз миллатидан, тилидан, динидан қатъи назар бир оила бўлиб яшамоқда. Илоҳим кўз тегмасин, илоҳим халқимизнинг ҳамма ниятлари амалга ошсин, халқимизнинг энг катта мақсади юртимизда тинчлик бўлсин, юртимизга кўз тегмасин. Яна бир марта сизларни Наврўзи олам билан табриклайман. Саломат бўлинглар!”
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон халқи Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иккинчи бор Наврўзни нишонламоқда.