Миср ҳукумати теракт қурбонлари хотирасига мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари қурбон бўлганлиги муносабати билан ушбу мамлакат Президенти Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисига ҳамдардлик билдирди.
“Синай ярим оролида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари қурбон бўлганлиги ва жароҳатлангани ҳақидаги машъум хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Ўзбекистон ушбу қабиҳ хуружни ва уни содир этганларни қатъий қоралайди”, дейилади Президент мактубида.
Шавкат Мирзиёев Миср Президенти ва халқига, қурбон бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди ҳамда жароҳат олганларни тез орада соғайиб кетишларини тилади.
Эслатиб ўтамиз, Миср ҳукумати теракт қурбонлари хотирасига мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.