Эмил Гилмутдиновнинг кўрсатмаларига қарамасдан, суд ҳайъати Алла Волченко ҳамда Эмил Гильмутдинов биргаликда ҳаракат қилганликларини илгари сурмоқда.
Сентябрь ойида музлатгичдан топилган болаларнинг отаси – ўзбекистонлик Эмил Гилмутдинов судда ўз кўрсатмаларини берди. У қотилликни содир этаётганида ақлу-ҳуши ўзида бўлмаганлигини таъкидлаган. Бу ҳақда “Казинформ” агентлиги хабар берди.
“Мен болаларни шунчаки бўғдим. Турмуш ўртоғим Алла Волченко елкасида катта ўғлини ухлатганча уйга келди. У сармаст ва чарчаган эди. Кейин ухлашга кириб кетди. У уйғониб, болаларнинг қаердалигини сўради. Мен эса уларни меҳрибонлик уйига топширганимни айтдим.
Биз бошқа уйни ижарага олдик. Тушда у ухлаб қолди. Бироз ўтиб болалар майдончасига чиқдик ва у ерда мен қилган ишимни айтдим.
Биз жанжаллашиб кетдик, бизни ажратишди. Кейин ижарага олган уйимизга қайтдик ва ўзимизни ўлдирмоқчи бўлдик. Ваҳимага тушиб қолгандик. Мен газни ёқдим ва биз ухлаб қолдик. Лекин биз бунинг ҳам уддасидан чиқа олмадик ва бизни ички ишлар бўлимига олиб кетишди”, деди судланувчи Эмил Гилмутдинов.
Алла Волченко ёллаган адвокатнинг айтишича, аёл Эмил Гилмутдиновнинг газни ёқиб қўйганини билмаган.
Судланувчининг айтишича, улар ижарага олган Алла Волченконинг собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлган. Алла Волченконинг собиқ турмуш ўртоғи билан кўришишини истамаган Эмил Гилмутдинов кўп бора жанжал келтириб чиқарган.
“Болаларни бўғишга қарор қилганимда, миям ишламай қолганди. Бундан ташқари, маст эдим, Алла билан жанжаллашгандик. Болаларни ўлдирганимдан кейин нима қилишни билмай қолдим.
Тўнғич ўғлимни кўчада қолдириб кетдик. Бу пайтда Алла таксида йиғлаб ўтирганди”, дейди Эмил.
Эмил Гилмутдиновнинг кўрсатмаларига қарамасдан, суд ҳайъати Алла Волченко ҳамда Эмил Гилмутдинов биргаликда ҳаракат қилганликларини илгари сурмоқда. Волченконинг тўнғич фарзанди қотилликка гувоҳ бўлмаслиги учун кўчага чиқиб кетган бўлиши мумкин. Терговчиларнинг фикрига кўра, ота-она болаларни боқа олмаганликлари учун қотилликка қўл уришган.
Суд жараёнида болаларнинг онаси Алла Волченко ҳам кўрсатма берди.
“Эмил болаларнинг қаердалигини мендан яширди. Кейин эса улар меҳрибонлик уйида эканлигини айтиб, ичишга мажбур қилди. Мен эса ваҳима қилишни бошладим. У вақтни чўзиб, “кейин айтаман” деди. Ўша вақтдаги ҳолатимни сўз билан тушунтириб бера олмайман.
У менга болаларни ўлдирганлиги ҳақида айтганида, ишонмадим. Кейин эса менга таҳдид қилишни бошлади. Агар кимгадир бу ҳақда айтсам, катта ўғлимни ҳам ўлдиришини айтди. Мен ўғлимнинг ҳаётидан хавфсирадим”, дейди Волченко.
Алла Волченконинг айтишича, у Эмилни полицияга келиб, ўз айбига иқрор бўлишга кўндирган. Маълумотларга қараганда, Эмил Гилмутдинов кўп спиртли ичимликлар ичган ва кучли алкоголь таъсирида ҳаракатларини назорат қила олмаган ва ҳатто, эслай олмаган.