Ўзбекистон Президенти расмий ташрифни амалга ошириш учун Кореяга йўл олди.
Бугун, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига етиб келди. ЎзАнинг хабар беришича, Сеул халқаро аэропортида Ўзбекистон Президенти шарафига икки давлат байроқлари кўтарилган. Фахрий қоровул саф тортиб, Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасининг расмий шахслари кутиб олган. Маросимдан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олганлиги маълум қилиган.
Хабарда олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилгани айтиб ўтилган.
Ташриф давомида Ўзбекистон Президенти Корея Миллий Ассамблея Спикери ва Корея Республикаси Бош вазири билан ҳам учрашиши, икки давлатнинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, йирик ишбилармонлар иштирокидаги Ўзбекистон–Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этиши кўзда тутилган.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Президентларининг Стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилиниши кутилаётгани айтиб ўтилган.
Бундан ташқари, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга доир кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, тижорат келишувлари ва шартномалари имзоланиши режалаштирилган.
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан Корея Республикасига ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.