Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда турли идора ва ташкилотлар ходимлари, вилоят ҳокимлари, прокурорлари ва ИИБ бошлиқлари қатнашган.
Давлат раҳбари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида барча вилоятлар кесими бўйича тўхталиб ўтган.
Шавкат Мирзиёев асосий эътиборни касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари ўртасидаги жиноятчиликнинг ошганига қаратиб, уларни дарс жараёнига қайтариш, ёшларнинг пичоқ ва травматик қуролларни олиб юришга нима сабаб бўлаётганини аниқлаш ва олдини олиш бўйича чоралар кўриш бўйича топшириқлар берди.
Тошкент шаҳридаги юқори жиноят кўрсатгичи республика бўйича биринчи ўринда экани қайд этилган. Кейинги ўринларда Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари туриши таъкидланган.
Ўзбекистон Президенти йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг йўл ҳаракати маданиятини ошириш бўйича чоралар кўриш зарурлигини қайд этди. Ҳолатни янада очиб бериш учун ЙТҲлар натижасида 2031 нафар шахснинг ҳалок бўлганини ва 7622 нафар фуқаронинг жароҳат олганини келтириб ўтди.