Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 38 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди.
2016 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати 9,6 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 17,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 6,3, қурилиш ишлари 11,8, чакана товар айланиши 15,2 фоизга ўсди. Ўтган йили саноат соҳасини ривожлантиришга доир 304, қишлоқ хўжалигида 696 лойиҳа амалга оширилди.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 2016 йилда 80,3 фоизни ташкил этди.
Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 38 миллион долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди.
“Жиззах” эркин иқтисодий зонаси вилоят саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. 2016 йилда бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан 163 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида вилоятда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини изчил давом эттириш, вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш бўйича катта режа ва мақсадларни баён этган эди. Президентнинг Жиззахга ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболли лойиҳалар билан танишиш кўзда тутилган.