...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди


19:49, 27.04.2017 Жамият
 2 031

Президент ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Пахтакор туманида бўлиб, Жиззах вилоятида енгил саноат, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Вилоятда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Миллий банк томонидан “Элеганс текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати 111 миллион долларлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва 2 минг 890 янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.
 
“Асака” банки, “Ипотека-банк” ва “Алоқа” банки томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантириш, етиштирилаётган пахта толасини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш ҳажмини кенгайтириш ва аҳолини сифатли кийим-кечак маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.
 
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан “Жиззахулгуржисавдо” масъулияти чекланган жамияти негизида агрологистика маркази ташкил этилмоқда. “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган ушбу корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш, сақлаш, иссиқхона ташкил этиш ҳамда экспортга йўналтириш билан шуғулланади. Корхона газ, сув, электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Ҳудудда темир йўл тармоғи хизмат кўрсатмоқда.
 
Агрологистика марказига қишлоқ хўжалик махсулотларини қайта ишлаш учун зарур бўладиган асбоб-ускуналарни Италиядан келтириш кўзда тутилмоқда. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг қишлоқ хўжалиги махсулотларини сақлашга мўлжалланган 2 минг тонналик совутгич, шунча сиғимга эга дуккакли маҳсулотларни сақлаш омборхонаси, 3 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари, 4 гектарда иссиқхона ташкил этилади. Ишчилар сони 150 нафарга етказилади.
 
Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” корхонаси томонидан қандолат ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдим қилинди. 140 ишчи меҳнат қилаётган ушбу корхонада фаолиятни кенгайтириш мақсадида экспортга йўналтириладиган кондитер ва шоколад маҳсулотлари ишлаб чиқариш линияларини ўрнатиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлиб, шундан 9,8 миллиард сўми Халқ банки кредити ҳисобидан амалга оширилади. Қўшимча 150 иш ўрни яратилади.
 
Вилоятда йирик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, паррандачиликни ривожлантириш, Зомин туманида токзорлар, иссиқхона мажмуаси барпо этиш, асал етиштириш, Бахмал туманида 2 минг бош қорамол боқиладиган ва сутни қайта ишлайдиган заводни ишга тушириш, Фориш туманида наслли эчкиларни кўпайтириш ва эчки сутини қайта ишлаш агрофирмаси ташкил қилиш, Ғаллаорол туманида ёнғоқзорлар барпо этиш, Айдар-Арнасой кўллар тизимида балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаларининг тақдимотлари ҳам ўтказилди.
 
Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳалар билан танишиб, уларнинг ҳар бири бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Жиззах 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар