Шавкат Мирзиёев тумандаги Наманган кўчасида халқ ичига кириб, одамлар билан мулоқот қилди.
“ХIX асрда Тўрақўрғон заминида туғилиб ўсган Ибрат домла араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган”, деди Президент.
Шавкат Мирзиёев таклифи жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, Тўрақўрғонда Исҳоқхон Ибратга бағишланган сўлим боғ, ёдгорлик мажмуаси ва “Ибрат мактаби” ташкил этилмоқда.
Боғ одамларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига қулайлик яратиш билан маънавий оламини ҳам бойитади. Бу ерда маърифатпарвар бобомизнинг ҳайкали ўрнатилади. Музей Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти, серқирра фаолияти билан таништиради. “Ибрат мактаби”да ёшлар хорижий тилларни ўрганади. Буларнинг барчаси яхлит комплекс сифатида алломанинг халқимиз учун қилган буюк хизматларини қадрлаш, меросини ўқиб-ўрганиш ва тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
“Улуғ аждодимиз Ибрат тахаллусини ўзига бежиз танламаган. Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб қолмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мазкур комплексни мазмун жиҳатидан такомиллаштириш, тил ўргатиш бўйича махсус мактабни Наманган давлат университети қошида ташкил этиш, бу ерда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда хорижий тилларни ихтисослаштирилган тарзда ўргатиш зарурлигини таъкидлади. Ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур шароитлар яратиш, мажмуа атрофини ободонлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
“Гап ёшлар тарбияси ҳақида борар экан, бу борада шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак”, деди Президент.
Шавкат Мирзиёев тумандаги Наманган кўчасида халқ ичига кириб, одамлар билан мулоқот қилди. Аҳоли Президент ташрифидан хурсандлигини, амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар учун миннатдорлик изҳор этди, дейилади ЎзА хабарида.