Халқаро анжуманнинг юқори мартабали иштирокчилари билан учрашувлар ўтказилди.
Анжумандан сўнг Ўзбекистон Президенти Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Европа Иттифоқининг Олий вакили билан учрашувда конференциядаги иштирок ҳамда “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” Вазирлар учрашуви Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинганининг 10 йиллигида ўтказилгани Европанинг Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат бериши қайд этилди. Федерика Могеринининг Ўзбекистонга илк ташрифи муҳим аҳамиятга эга бўлган анжумандан бошланди.
Учрашувда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири эканлиги ҳамда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама янада мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Европа Иттифоқи мамлакатлари билан яқин алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, ўзаро шериклик инвестиция, савдо, молиявий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва бошқа йўналишларда олиб борилмоқда. Европа тажрибаси ва технологияларини ўрганиш манфаатли эканига эътибор қаратмоқда.