Бюджет харажатлари 2017 йилга нисбатан 60 фоиз ёки 29 триллион сўмга ошган.
Йиғилишда жорий йил якуни бўйича давлат бюджети даромадлари 74,5 триллион сўм, харажатлари эса 78,5 триллион сўмни ташкил этиши, маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 5,5 триллион сўм ёки ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўп маблағ қолиши кутилаётгани қайд этилди.
Бюджет харажатлари 2017 йилга нисбатан 60 фоиз ёки 29 триллион сўмга ошган. Ушбу маблағларнинг 5,6 триллион сўми “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари ва арзон уй-жойлар қурилишини молиялаштиришга йўналтирилди. Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, аҳолини иш билан таъминлаш учун “Микрокредитбанк”ка 700 миллиард сўм ва “Халқ банки”га 1 триллион сўмдан зиёд маблағ, мамлакат мудофаа қобилиятини оширишга 4,5 триллион сўм ажратилди.
Асосийси, бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақлари 30 фоиздан 100 фоизгача оширилди.
Валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши ва капитал қуйилмалар ошиши бюджет даромадлари кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.
– Йил якунига қадар яна икки ой бор. Шунинг учун барча резервларни ишга солиб, бюджетда юз бериши мумкин бўлган дефицитнинг олдини олиш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.
Қабул қилинган давлат дастурларини амалга ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. Бунинг учун имтиёзли шартларда хорижий маблағларни жалб этиш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида таъмирланадиган объектларни аниқ шакллантириб, 2019 йилги Инвестиция дастурига киритиш зарурлиги қайд этилди.