Давлат раҳбари пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгич билан танишди.
Мамлакатда янги саноат корхоналари, маданият ва спорт иншоотлари, таълим масканлари, савдо марказлари, шифохоналар, турар жойлар, йўллар ва кўприклар барпо этиш, мавжудларини замон талаблари даражасида тубдан реконструкция қилиш ишлари изчил давом этмоқда. Бугун пойтахт Тошкент ўзининг тарихий жозибасини сақлаган ҳолда янгиланиб, узоқни ўйлаб тузилган режа асосида ривожланиб бормоқда.
Давлат раҳбари пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда қурилаётган йўл ўтказгич билан танишди.
Бугун Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишган чорраҳада тирбандлик юзага келиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишига, ёқилғи сарфи ошиб, атроф-муҳит ифлосланишига сабаб бўлаётир.
Умумий узунлиги 900, баландлиги 6, кенглиги 24 метр бўлган 6 полосали мазкур йўл ўтказгич нафақат ҳайдовчилар ва пиёдаларга, балки шу ерда яшаётган аҳолига ҳам бир қанча қулайликлар яратади.
Кўприкнинг икки томонида пиёдалар учун умумий узунлиги 131,6 метр бўлган иккита ер усти ўтиш йўлаги ҳам барпо этилмоқда. Ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Президент Шавкат Мирзиёев қурилишнинг бориши билан танишар экан, мамлакатда кундан-кунга аҳолининг яшаш фаровонлиги ошиб, хонадонларда машиналар кўпаяётгани, пойтахт кўчаларида автомобиль қатновининг кенгаяётганини инобатга олиш, бунинг учун қўшимча йўллар ва кўприклар барпо этишга эҳтиёж сезилаётганини алоҳида таъкидлади.
Қурувчиларга ишнинг тез ва сифатли бажарилиши юзасидан тегишли тавсиялар берди.
Кўприк Наврўз байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланмоқда.