Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин билан сўнгги ярим йил ичидаги тўртинчи учрашувни ўтказади.
“Туркия раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Москвага ташрифи март ойининг биринчи ярмига тўғри келиши кутилмоқда. Мазкур ташриф давомида у Россия раҳбари Владимир Путин билан сўнгги ярим йил ичидаги тўртинчи учрашувни ўтказади”, дейди элчи.
2015 йил 24 ноябрда Россиянинг Су-24 ҳарбий самолёти Туркия чегарасини рухсатсиз кесиб ўтганида Туркия ҳарбийлари уни уриб туширишганди. Бу воқеа эса икки давлат ўртасидаги муносабатларни кескин тус олишига сабаб бўлди. Шундан сўнг, Москва ва Анқара ўртасида санкциялар ва ахборот урушлари бошланиб кетди.
Орадан вақт ўтиб, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Су-24 самолётининг уриб туширилиши юзасидан Владимир Путинга мактуб йўллади ва у билан шахсан учрашмоқчи эканлигини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар қайта тикланиб борди. Россия Туркия озиқ-овқат маҳсулотларига қўйган санкциясини бекор қилди. Сайёҳларнинг Туркияга боришига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланди.
Март ойида кутилаётган учрашув вақтида Туркия ва Россия ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида муҳокамалар ўтказилиши кутилмоқда.