
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гуттеришга самимий миннатдорлик изҳор этаман”, дейди Президент
Президент Мирзиёев ўз нутқи аввалида ушбу йиғилишда шахсан иштирок этаётгани учун Афғонистон Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига миннатдорлик изҳор этди.
Давлат раҳбари ушбу муҳим конференцияни ташкил этиш Ўзбекистон ва Афғонистон ҳамкорлигида амалга оширилганини айтиб, бунда БМТнинг қўллаб-қувватлаши юқорили бўлганини маълум қилди ва Бош котиб Антониу Гутерришга миннатдорлик билдирди.
“Халқаро конференцияни ўтказишда бизнинг ташаббусимизни аввал-бошданоқ қўллаб-қувватлаган барча қатнашчиларга ўзининг табрик хатини йўллаган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби жаноб Антониу Гуттеришга самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Биз жаноб Антониу Гуттеришнинг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш жараёнлари доирасида музокаралар ўтказиш тарафдорлари эканини, шунингдек, минтақамизда хавфсизлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз.
Шу йилнинг январь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашида Қозоғистон раислигида Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича фикр алмашувлар бўлиб ўтган эди. Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевга ана шу ўта муҳим муаммони муҳокама этиш бўйича кўрсатган ташаббуси учун самимий ташаккур билдираман.
Шунингдек, бўлиб ўтган муҳокамалар чоғида билдирган зарур ва қимматли таклифлари учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзоларидан миннатдорман. Бу таклифларнинг катта қисми ушбу конференциянинг афғонистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда тайёрланган якуний ҳужжати лойиҳаси – Тошкент декларациясида ҳисобга олинади”, дейди Президент
Конференция давом этмоқда.