Улар фақатгина кўзбўямачилик ва имтиёз олиш учун хизмат қилган.
Йиғилишда Президент, хусусан, 2017 йилда 948 та маҳаллийлаштириш лойиҳасидан 176 таси бўйича ишлаб чиқариш бошланмагани, 218 таси бўйича эса ишлаб чиқариш прогнози бажарилмаганини кўрсатиб ўтганди.
Масалан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 77 та лойиҳаси бўйича 206 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. “Ўзбекозиқовқатхолдинг”да 12 та, “Ўзавтосаноат”да 17 та, Тошкент шаҳрида 65 та, Тошкент вилоятида 65 та лойиҳа етарли даражада бажарилмаган.
“Тармоқлар учун зарур ускуналар ва тез ишдан чиқувчи бутловчи қисмларни мамлакатда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш тўғрисида 10-15 йилдан буён гапирамиз. Лекин, ташаббус ва амалий ҳаракат йўқ. Бир қатор соҳа раҳбарлари маҳаллийлаштиришни ўйламаяпти, зарур маҳсулотни осонгина четдан олиб келиб қўяяпти. Бунга ҳозирги рақобат шароитида машаққат билан топилаётган, иқтисодиётнинг асоси бўлган валюта маблағлари сарф бўлиб кетмоқда”, деган эди давлат раҳбари мазкур йиғилишда.
Кеча, 27 февраль куни Президент иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси яна бир бор Шавкат Мирзиёевнинг танқидига учради.
Йиғилишда 2017 йилда импортни қисқартириш режаси 88 фоизга бажарилгани яна бир бор қайд этилган. Мисол учун, бир йилда 20 миллион долларлик кир ювиш кукуни, 13 миллион долларлик атир совун, 49 миллион долларлик қурилишда ишлатиладиган ва синтетик бўёқлар, 23 миллион долларлик шоколад импорт қилинган.
“Бу ҳолат ўтган йилларда қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурлари ҳеч қандай асосга эга эмаслиги, улар фақатгина кўзбўямачилик ва имтиёз олиш учун хизмат қилганидан далолат эмасми”, деган Шавкат Мирзиёев.