“Ички ишлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни жорий йилнинг 17 мартидан бошлаб кучга кирди.
Қулоғимиз билан эшитиб, кўзимиз билан кўриб турган ўзгаришлар баъзан ҳаяжонга солса, баъзан мен бу ишларга ўз ҳиссамни қўшиш учун нима қиляпман деган саволни беришга ундайди.
Президент жорий йил бошидан Прокуратура ва Ички ишлар идоралари ходимлари фаолиятини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратди. Хўш, нималар ўзгарди? Қуйида 10 асосий ўзгаришга эътибор қаратамиз.
1. Ўзбекистон Республакаси Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг Олий Мажлис сенатида ҳисобот бериш амалиёти йўлга қўйилди.
2. 2017 йилдан бошлаб 8 январь “Прокуратура органлари ходимлари куни” деб эълон қилинди.
3. “Ички ишлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни жорий йилнинг 17 мартидан бошлаб кучга кирди.
4. Президентнинг таклифига биноан профилактика инспекторларига ўзи ишлаётган ҳудудда яшаши учун хизмат уйлари ва шахсий автомобиллар топшириш тизими йўлга қўйилди. Биргина сентябрь ойида 150 нафар Тошкент шаҳридаги таянч пунктлари ходимларига хизмат уйлари ва автомобиллар топширилди.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Ёнғинлар профилактикаси куни, пайшанба жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни деб эълон қилинди. Ҳафта давомидаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар бўйича ОАВга ахборот бериш тизими йўлга қўйилди.
6. Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозими жорий этилди. У профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлиши белгиланди.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ички ишлар идоралари ходимларининг муомала маданиятига риоя этишлари уларнинг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири сифатида ҳисобланадиган бўлди.
8. Жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб Тошкент шаҳрида кузатув камералари ишга туширилди. Камераларнинг ишга тушиши натижасида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш янги босқичга кўтарилди. ЙТҲлар ва ЙТҲ сабаб қайд этиладиган ўлим ҳолатлари сони камайди.
9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бюронинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
10. Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига айлантирилди.