Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон Президентининг БМТдаги маърузасига юксак баҳо беришини айтди.
Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон Республикасининг БМТ, унинг тузилма ва институтлари билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Жорий йил май ва июнь ойларида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда улар билан ўтказилган учрашувлар, шунингдек, давлат раҳбарининг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги иштироки якунлари бўйича БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига мувофиқ ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган “йўл хариталари” қабул қилинди ва амалга оширилмоқда.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича қабул қилинган узоқ муддатли Ҳаракатлар стратегияси ва БМТ билан кенг кўламли ҳамкорлик дастурининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ, тинч-тотув яшаб келмоқда. Улар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун зарур барча шароитлар яратилган. Жамиятда дўстлик ва меҳр-оқибат, миллатлараро ва динлараро тотувлик муҳити янада мустаҳкамланмоқда.
БМТнинг махсус маърузачиси Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича янги босқичда амалга оширилаётган ўзгариш ва ислоҳотларни юксак баҳолади.
Махсус маърузачи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида баён этилган ташаббусларнинг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилганини алоҳида қайд этди.
Хусусан, Аҳмед Шаҳид “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи, Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Учрашувда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, динлараро ва миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзаро мувофиқлаштирилган чоралар кўриш ва қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
БМТнинг махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга ташрифи тадбирларга бой дастур асосида ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан тизимли, очиқ ва амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрлигини қайд этди.