Ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишга тўсқинлик қилувчи қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Давлат раҳбари ушбу қарорда давлат органлари ва ташкилотларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамасдан “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишига, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишга тўсқинлик қилувчи қатор муаммолар сақланиб қолаётганини айтиб, уларга бирма бир тўхталган:
биринчидан, ахборотлаштириш субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартларининг ижро этилиши устидан назорат ва текширишнинг амалдаги механизми замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пасайишига олиб келмоқда;
иккинчидан, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга масъул ягона ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарасизлигига сабаб бўлмоқда;
учинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий этилаётган аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотларни экспертиза ва сертификациядан ўтказиш тизимидаги камчиликлар уларнинг “Электрон ҳукумат” тизимига жадал интеграциялашувини сусайтирмоқда;
тўртинчидан, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги назорат тизими, муҳим ахборот инфратузилмасининг мукаммал эмаслиги давлат ахборот тизимлари объектлари, рақамли иқтисодиёт ва шахсий маълумотларнинг заифлашувига олиб келмоқда;
бешинчидан, бузғунчи кучларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғидан фаол фойдаланиши аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг дунёқараши ва онгига салбий таъсир кўрсатмоқда;
олтинчидан, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий қилиш бўйича тизимли ишларнинг мавжуд эмаслиги миллий ахборот маконини ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини жорий қилиш имконини бермаяпти.