...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарини қабул қилди


19:57, 09.11.2017 Жамият
 1 929

Ўзбекистон–АҚШ мулоқоти амалий ҳамкорлик руҳида барқарор ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган нуфузли делегацияга бошчилик қилаётган АҚШ Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кёртисни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
 
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон–АҚШ мулоқоти амалий ҳамкорлик руҳида барқарор ривожланиб бораётганини қайд этди.
 
Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон делегациясининг АҚШга сафари ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Америка бизнес доиралари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар якунлари томонларнинг ўзаро ҳамкорликни, аввало, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳалардаги алоқаларни амалий жиҳатдан кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича интилишлари қатъий эканини намойиш қилди.
 
Қайд этилганидек, қатор муҳим халқаро муаммолар ечими, глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига ёндашувларнинг мос ва муштарак экани ушбу долзарб йўналишлардаги ўзаро ҳамкорликни сезиларли равишда мустаҳкамлаш имконини бермоқда.
 
Учрашувда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Афғонистон ва бутун минтақадаги вазият бўйича фикр алмашилди.
 
Томонлар Марказий Осиё тенг ҳуқуқли ва ўзаро ҳамкорлик ҳудуди бўлиб қолишидан манфаатдор эканини таъкидлади. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбариятининг яхши қўшничилик алоқаларини кенгайтириш ва минтақа мамлакатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ва амалий қадамлари муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
 
Лиза Кёртис АҚШ раҳбарияти Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда тутган ўрнини юксак қадрлашини таъкидлади.
 
Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан узоқ истиқболга мўлжалланган муносабатларни янги босқичга кўтаришдан манфаатдор эканини қайд этди.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев АҚШ делегацияси Самарқанд Халқаро конференция Лиза Кёртис 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар