...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев 50 гектарлик янги анорзорни бориб кўрди


17:47, 22.06.2017 Жамият
 3 175

Агрофирма томонидан келгуси йилларда анорзорларни 2 минг гектарга, ҳосилдорликни 30 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси томонидан 2017-2018 йилларда Фарғона вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди. Компания томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда қиймати 63 миллиард 256 миллион сўмлик 6 лойиҳани амалга ошириш, 200 га яқин иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Натижада вилоятда бўш ётган ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, уни сақлаш, қайта ишлаш бўйича йирик қувватлар ташкил этилади, экспорт ҳажми ортади.
 
Қува туманидаги “Big agro logistic” масъулияти чекланган жамияти томонидан мева-сабзавотни қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган замонавий логистика маркази ташкил этилмоқда.
 
Лойиҳанинг умумий қиймати 7,2 миллион доллар бўлиб, биринчи йилда 6,5 миллион доллар, беш йилдан сўнг 10 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Логистика марказига Италия ва Туркиядан келтириладиган технологик линиялар ўрнатилади. 5 минг тонналик совутгич, 7 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари ташкил этилади.
 
Лойиҳа ишга тушгач, 180 иш ўрни яратилади.
 
Қўқон шаҳридаги “Elit konserva” масъулияти чекланган жамиятида мева-сабзавотларни қадоқлаш, Олтиариқ туманидаги “Eco Export Trade” масъулияти чекланган жамиятида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини саралаш, қуритиш ва сақлашга мўлжалланган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар вилоят экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга.
 
Бу йил Қува туманидаги “Фарғона анорзори” масъулияти чекланган жамиятида 50 гектарда янги анорзор барпо этилган. Ушбу боғни агротехника қоидалари асосида парваришлаш натижасида келгусида 700 тоннадан ортиқ ҳосил олиш режалаштирилмоқда. Анорзор қатор ораларига помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа сабзавотлар, дуккакли экинлар экилган.
 
Агрофирма томонидан келгуси йилларда анорзорларни 2 минг гектарга, ҳосилдорликни 30 минг тоннага етказиш мўлжалланмоқда.
 
Президент Қува ва Дашнобод анори дунёга машҳур экани, ҳар иккала навнинг ўзига яраша хусусиятлари мавжудлигини таъкидлади. Анор чиқитсиз маҳсулот бўлиб, пўстлоғидан кимё саноатида ранг олишда, фармацевтикада хомашё сифатида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилди. Вилоятда анорзорларни янада кенгайтириш ва ушбу маҳсулот экспортини кўпайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.
 
Миллий банк томонидан вилоятда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар намойиш қилинди. Қиймати 64,4 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳалардан 10 таси Хитой тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан молиялаштирилган. Йил охирига қадар яна 5 лойиҳани молиялаштириш кўзда тутилган. Бунинг самарасида 2017-2018 йилларда 68 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот қайта ишланиб, 25,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.
 
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Учкўприк туманидаги собиқ консерва заводи негизида амалга оширилаётган лойиҳани ҳам кўздан кечирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
 
Лойиҳа ташаббускори “Воллей Моунтаинс Фреш” масъулияти чекланган жамияти бўлиб, 10,5 миллиард сўм, жумладан, “Ипотека-банк”нинг 7,4 миллиард сўм кредити ҳисобига корхонанинг мавжуд қувватлари модернизация қилинади, мевани сақловчи музлатгич ва қадоқловчи ускуналар ўрнатилади.
 
2018 йилнинг биринчи чорагида лойиҳанинг биринчи босқичи, тўртинчи чоракда иккинчи босқичи ишга туширилади. Натижада минг тонна томат пастаси, шунча пюре ва концентрат, мева-сабзавот консервалари аҳоли истеъмоли учун етказиб берилади. Маҳсулот экспортга ҳам йўналтирилади. Ушбу лойиҳа ишга туширилиши натижасида 170 иш ўрни ташкил этилади.
 
Президент вилоятда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш учун барча имконият, хомашё ва ишчи кучи мавжудлигини таъкидлади. Улардан унумли фойдаланиш, тармоққа тадбиркорларни кенг жалб этиш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.
Бобур Жалолов

Теглар:Шавкат Мирзиёев Фарғона 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар