Туркия президенти билан учрашган Шавкат Мирзиёев Эрдўғанга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг сўзларидан сўнг Ўзбекистон Республикси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Ўзбек ва турк халқларининг тили, дини, тарихи ва маданияти бир-бирига жуда яқин”, деб сўз бошлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Туркия президенти Эрдўғанга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов қабрини зиёрат қилгани Туркия Бош вазирининг ёрдамчисини юборгани, шунингдек Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан хат йўллаб, таъзия билдиргани учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
“Мана бугун ўзингиз ташриф буюрдингиз. Ўзбек халқи ва Ислом Каримовга бўлган ҳурматингизни намойиш қилганингиз учун ташаккур”, дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев.
“Марҳум Ислом Каримов мустақил Ўзбекистоннинг асосчиси бўлди, худди шу каби, Отатурк ҳам мустақил Туркия асосчисидир. Туркия биринчилардан бўлиб Ўзбекистон мустақиллигини тан олган давлат саналади. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз”, деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари бугун Туркия йирик имкониятларга эга ва дунё миқёсида катта ҳурмат қозонган давлат эканини айтиб ўтди.
“Сиз сиёсат ва ҳаётда катта тажрибага эга раҳбарсиз. Турк халқи сизнинг бошқарувингиз остида улкан муваффақиятларга эришди. Халқингизнинг сизга бўлган туганмас муҳаббати кўпчилик қатори мени ҳам ҳайрон қолдирди. Шу билан бирга бу биз учун намунага айланди. 2023 йилда Туркияни дунёнинг ривожланган давлатлар ўнталигига киритиш дастурингиз ҳурматга лойиқ, албатта”, деди ўзининг нутқи давомида Шавкат Мирзиёев.
Маълумот ўрнида, икки давлат раҳбарлари суҳбатдан сўнг биргаликда тушлик қилишди.