Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Вазир лавозимини Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Шерзод Шерматов эгаллади.
Бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Халқ таълими вазирлигида олиб борилажак ислоҳотлар муҳокама қилинди. Президентнинг топшириқлари ўқиб эшиттирилди.
“Муҳтарам Президентимиз ўқитувчини ҳурмат қилмаган раҳбарни мен ҳам ҳурмат қилмайман, деб алоҳида таъкидлаб айтдилар. Буни ҳар бир раҳбар қулоғига қуйиб олсин”, дейди Бош вазир Абдулла Арипов.
Видеоселектор йиғилишида Президент ва халқ таълим соҳасидан катта ўзгаришлар кутаётгани, Ўзбекистон мактаб таълими тизими сўнгги йилларда оқсагани, сифат тушиб кетгани, ўқитувчиларнинг маоши камлиги етмагандек, обрўси ҳам етарли даражада эмаслигига тўхталинди. Ўқитувчиларнинг обрўсини кўтаришга энг устувор масала сифатида қараш кераклиги таъкидланди.
Вазир лавозимида иш бошлаган Шерзод Шерматов ва вазир ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи сифатида майдонга чиққан унинг уч нафар ўринбосари йиғилиш иштирокчиларига таништирилар экан, улар таълим соҳасида кўп йиллар фаолият юритгани, хорижда ўқиб, чет эл тажрибасини кўп йиллар ўргангани муҳим аҳамиятга эга экани эътироф этилди.