Шубҳали шахсларнинг суратини олиш ва уларни аниқлаш бўйича тизим ўрнатилди.
Президент Сергели тумани ички ишлар бошқармаси қошидаги 50-шаҳар ички ишлар бўлими фаолияти билан ҳам танишди.
Ички ишлар бўлими замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Мавзедаги кўп қаватли уйларнинг 100 дан ортиқ кириш йўлаги ва 22 гавжум жойга видеокузатув ускуналари ўрнатилган.
Президент 50-шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари билан 15 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси қуйи поғонада қандай аксини топаётгани юзасидан мулоқот қилди.
“Ҳозирги кунда энг катта масала — бу ички ишлар тизимининг қуйи бўғинини мустаҳкамлашдан иборат. Биз профилактика инспекторларининг яшаши ва ишлаши учун барча шароитларни яратиб бердик. Энди уларнинг салоҳиятини, маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлигини кучайтириш зарур. Бундан кейин ҳар бир маҳалладаги профилактика инспектори ўрнига уч нафар энг профессионал ходим саралаб олиб бириктирилади. Шундай қилсак, улар ўртасида рақобат пайдо бўлади, одамларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлайдиган чинакам самарали тизим яратилади” деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари замонавий технологиялар билан таъминланган автотранспорт воситасида шубҳали шахсларнинг суратини олиш ва уларни аниқлаш бўйича ўрнатилган тизимнинг ишлаш жараёнини кўздан кечирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи доирасида Сергели туманида амалга оширилиши режалаштирилган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, мазкур лойиҳалар натижасида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, замонавий хизматлар йўлга қўйилади, юзлаб иш ўринлари яратилади.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Сергели тумани 6-А мавзесида барпо этилган 61-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди.
Оилавий поликлиникадаги асосий янгиликлардан бири — бу беморлар навбатга ёзилиши учун электрон тизим жорий қилинганидир.
Яъни бемор шифокор қабулига поликлиникага келмасдан туриб, интернет ёки телефон орқали рўйхатхонада ўрнатилган тизим ёрдамида навбатга киритилади. Бу ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олади.