...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сергелилик фуқаро: “Президент келганда, қурилиш ишларини кўз-кўз қилишдан берига ўтмаймиз”


11:50, 20.11.2018 Жамият
 11 812

Йўллардаги қусурлар, айниқса, куз-қиш мавсумида яққол кўзга ташланяпти. Сергели туманида яшовчи фуқаро туман йўлларидан ўринли шикоят қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 15 февраль куни “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган эди.
 
Унга кўра, Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш давлат-акциядорлик компанияси (“Ўзавтойўл” ДАК) фаолиятини тугатиш, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилди.
 
Мазкур фармонда қуйидагилар қўмитанинг асосий вазифалари сифатида кўрсатилганди:
 
замонавий транспорт оқими шароитида автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлаш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
 
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, сифат стандартларига риоя этилишини таъминлаш.
 
Ушбу фармонга кўра, республика, хусусан Тошкент шаҳридаги кўчалар қайта таъмирланиши, асфльт қилиниши маълум қилинди. Давлат томонидан ажратилган маблағлар ҳақида маълумот берилди.
 
Қўша-қўша ҳужжатлар қабул қилинганига қарамасдан, йўллар билан боғлиқ муаммолар сони ортиб бормоқда. Эски муаммолар ҳал этилишидан эса дарак йўқ. Бунга мисол тариқасида Тошкентдаги Чилонзор, Юнусобод, Олмазор ва асосан Сергели туманидаги кўчаларни келтириш мумкин.
 
Йўллардаги қусурлар, айниқса, куз-қиш мавсумида яққол кўзга ташланяпти. Сергели туманида яшовчи фуқаро туман йўлларидан ўринли шикоят қилди.


 
“Сергели-8 мавзе ҳудудидаги йўлларни тўғрилашга навбат қачон келади? Қорли, ёмғирли кунларда бу ердан юриш умуман имконсиз. Мана шу кичкина йўлак икки мактаб ва боғчага олиб боради. Бир кунда юзлаб ўқувчилар айнан шу йўлдан мактабга қатнайди. Энди бу ердаги уйларда яшайдиган аҳолини тасаввур қилаверинг. 


 
Биз ислоҳотлар ҳақида тўлиб-тошиб гапирамиз,  Президентимиз туманга ташриф буюрганларида қурилиш ишларини кўз-кўз қилишдан берига ўтмаймиз. Аммо аянчли ҳолатларни беркитамиз, ҳаттоки эътибор ҳам бермаймиз. Мутасаддилар қаерга қараяпти? Бу йўл ҳақида ҳеч ким билмайди ёки ҳеч қаерга мурожат қилинмаган дейсизми? Керагидан ортиқ мурожат қилинган. Аммо натижа йўқ.


 
Мактабларда таълим сифатини ошириш, болаларнинг ўқишига аҳамиятли бўлиш ҳақида ҳар куни бонг урамиз. Аммо шу сингари йўллардан мактабга бориб келишларини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кўриб турганингиздек, бу кўчадан ўтган машиналарнинг ҳам ҳолига вой. Ана шу расмлар зора Сергели тумани ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳеч бўлмаганда, туманга қоп-қоп ваъдаларни бериб сайланган депутатлар эътиборига тушса ва аҳоли учун оз бўлса-да жон куйдиришса, мен ҳам, улар ҳам оддий бир фуқаро сифатидаги вазифамизни бажарган бўлармидик? Ҳулоса эса ўзингиздан...”, деб ёзади Facebook фойдаланувчиси Гўзал Солиева.
 
Фуқаро ўз мурожаатида ўринли муаммоларни ўртага ташлаган. Ҳақиқатан ҳам туман аҳолисига қатор ваъдаларни бериб сайланган депутатлар қаерда? Ҳокимлар-чи? Нега улар ўз туманидаги муаммолар Facebook’га чиққунча улар устида ишламаяпти? Масъуллар нима билан банд. Президент айтганидек ҳар бир қарор халқ билан бамаслаҳат олиниши, раҳбарлар халқнинг розилигини олиб ишлаши керак эмасми? 

Теглар:Сергели Йўллар Асфальт 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар