Пойтахт аҳолиси орасида бир мунча вақтдан буён Сергелига қатновчи автобусларда ўғри борлиги ҳақидаги миш-мишлар ростга айланган кўринади.
2017 йилнинг 1 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган “Тозалаш-Антитеррор” тадбири давомида, шу куни тахминан соат 17:30ларда муқаддам судланган Ортиқали Шоюсупович Ҳақназаров, автобусдаги киссавурлиги учун қўлга олинди.
У ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Яккасарой тумани, Шота Руставелли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган йўналишдаги автобусда бўла туриб, фуқаро Феруза Алимовна Зарипованинг чалғиганлигидан фойдаланиб, унинг эгнидаги кийимидан баҳоси 300 минг сўм бўлган Samsung русумли уяли телефони ва 120 минг сўмлик ойлик йўл чиптасини ўғирлаган.
Тошкент шаҳар ИИББнинг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан, Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “а” банди (ўғирлик, яъни жабрланувчиниг кийимидан мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш (киссавурлик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.
Жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган бўлиб, фамилияси ва исмининг ҳар қандай ўхшашлиги тасодифий характерга эга.
Бу фуқарони кўпчилигингиз балки кўргандирсиз, балки автобусда ёнингизда сиз билан бирга қайсидир манзилга қадар боргандир. Ўшанда ёнингиздан нимадир йўқолган бўлса, албатта Тошкент шаҳар ИИББнинг 102 ёки 1102 рақамларига албатта мурожаат қилинг.