...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сенатор “Автотест” бўйича ҳукумат қарорини ўзгартиришни сўраб чиқди


16:49, 16.06.2018 Жамият
 18 112

Шу кеча-кундузда “Автотест” МЧЖнинг фаолияти яна сенаторлар томонидан муҳокамага қўйилмоқда.

Бундан бир неча ой аввал, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Қодир Жўраев, Расул Кушербоев, Қобил Носиров ҳамда Акмал Умрзоқов автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича “Автотест” МЧЖнинг монопол ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига мурожаат билан чиққан эди.
 
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштариш чора тадбирлари тўғрисидаги” 139-сонли қарори билан 23 февраль куни Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи “Автотест” инновацион автомактабининг монопол ҳуқуқи бекор қилинди.
 
Шу кеча-кундузда “Автотест” МЧЖнинг фаолияти яна сенаторлар томонидан муҳокамага қўйилмоқда. Жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий Сенати аъзоси, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев ушбу масаланинг кўз илғамас, аммо ўта муҳим жиҳатларига эътибор қаратди. У бу сафар фермер хўжаликларидаги ҳайдовчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқди.
 
“Бир масала кўп сонли фермерларимизнинг бошини гангитиб қўймоқда.
 
Гап шундаки, 2017 йил 4 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 693-сон қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорда 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги ва уларга малака оширганлиги тўғрисида “Avtotest Report” МЧЖнинг сертификати топширилиши белгиланган эди.
 
Шундан сўнг ҳукуматнинг мазкур қарорига бир неча марта ўзгаришлар киритилди. Натижада юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолияти тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан 2018 йилнинг 1 августидан бошлаб амалга оширилиши белгиланган.
 
Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг билимини ошириш ва уларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича масъулияти ҳамда жавобгарлигини ошириш мақсадида уларнинг малакасини ошириш катта аҳамиятга эга, албатта. Бироқ масаланинг яна бир жиҳати борки, у ҳақида жиддий ўйлаб кўриш ҳар томонлама фойдалидир.
 
Бугунги кунда жойлардаги ўрганишларда, интернет тармоқларида, аҳоли билан мулоқотлар ва уларнинг мурожаатларида юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш борасида ўрнатилган тартибнинг ижроси билан боғлиқ қатор муаммолар кўтарилмоқда. Хусусан, ҳозир юртимизда рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётган 303 минг 300 та юридик шахс ва 152 минг 689 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, улардаги автотранспорт воситаларини ҳайдовчи вазифасида ишловчи шахслардан ташқари раҳбарлари ёки ходимлари томонидан ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ишончнома асосида бошқарилиши, автотранспортлардан тижорат, шу жумладан, йўловчи ва юкларни ташиш мақсадида фойдаланилмаслиги инобатга олинмаган.
 
Ёки юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги белгиланган бўлиб, йўл ҳаракати қоидаларини тез ва мунтазам ўзгармаслигини инобатга олганда, малака ошириш учун қисқа муддат, яъни икки йил белгиланган”.
 
Сенатор ўз мулоҳазаларида ушбу қарорни яна қайтадан кўриб чиқишни, унда фермер хўжаликлари фаолиятини ўрганиб, улар автомобиллардан юк, одам ташиш ва тижорат мақсадларида фойдаланмаслигини айтаркан, қарорга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда таклифларини киритди.
 
“Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш тизимини танқидий ўрганиб, янада такомиллаштириш, шу жумладан, автотранспорт воситасидан тижорат мақсадида фойдаланмайдиган ва ҳайдовчи вазифасида ишламайдиган ходимларнинг малакасини ошириш масаласини қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ.
 
Сабаби, фермерларимиз даласида айни иш қизиган бир маҳалда, йиғим-терим чоғларида малака ошираман деб бой берган бир соати ҳам ҳосилни етиштиришда бир неча кунга кечикиш, кутилган ҳосилни ололмаслик каби муаммоларни келтириб чиқаради.
 
Фермер — ҳайдовчи бўлмаса, машинадан эса ўз хўжалигида фойдаланса, у нега малака ошириши керак? Деҳқон ва фермер даласида ишласинми ёки малака оширсин? Бу масала нега эътиборга олинмаган?
 
Бизнингча, ўрмонга ўт қўйиб, ҳўлу қуруқнинг бирдай ёниб, кул бўлишига йўл қўймаслик керак...”, дейди Фаррух Дадахўжаев.
 
Қизиқ, ҳукумат сенаторнинг ушбу чиқишини инобатга оладими? Қарорга яна ўзгартиш киритиладими?

Теглар:Фаррух Дадахўжаев Олий Мажлис Сенати Автотест 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Алишер
10:05 18.06.2018

Ассалому алейкум хурматли тахририят ! Мени фикримча : Даладаги теримни теришга улгурмаслик бу фожиа эмас , уша фермер хужалиги хайдовчилари еки рахбарияти февральдан бери укиши керак эди гуз киш мавсуми пайтида фермерга иш дуда кам шоферларига эса умуман иш булмаса керак. Шу нуктаи назардан уйлаб курсак , фермерни иши колмасинми еки авто хафсизликми. мани фикрим уларни хам абезательный малака оширтириш керак. Вилоятларларда асосан тракторчиларни уз малакасини билмаслиги окибатида куп авариялар булади бундан ташкари катта трассаларда хам курган булсанги тракторлар орка прецепларининг асосан кечки вактларда фаралари енмайди умуман техник но соз транспорт воситалари билан юришади. Агарда улар авто тестда укишса уларга примерлар курсатилса узларига укиш оркали билим олишармиди. Бир сенатор шундай деди деб карорга узгартириш киритила верса транспорт воситаси хайдовчилари ишдан коларкан , фермарнинг иши колиб кетаркан десак качон малакали хайдовчирага эга буламиз , авариялар сонини автотест очилгандан бери камаймокда деб уйлайман. Бу малака ошириш жуда хам тугри йулга куйилган.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар