...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сенат ялпи мажлисининг биринчи кунида нималар муҳокама этилди? Ўзгаришлар бўладими?


13:05, 21.12.2017 Жамият
 3 024

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга камайтирилиши назарда тутилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
 
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев бошқарди.
 
Сенаторлар ишни Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан бошладилар.
 
Таъкидланганидек, 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг, солиқ ва бюджет сиёсати концепциясининг прогнозлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган мақсад ва устувор йўналишлар, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолати ҳамда ҳудудлар имкониятларини ўрганиш, ҳал қилиниши лозим бўлган муаммоларни аниқлаш асосида ишлаб чиқилган.
 
2018 йилга мўлжалланган давлат бюджети халқаро молия институтлари томонидан тан олинган макроиқтисодий кўрсаткичлар, нарх индекслари асосида тузилган. Жумладан, 2018 йилда ЯИМ 290,6 триллион сўм миқдорида бўлиши, ЯИМ дефлятори 14,1 фоизни ташкил этиши, истеъмол нархлари индекси 12-13 фоиз бўлиши кутилмоқда. Давлат бюджетининг параметрлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,02 фоиз профицит билан бажарилиши кутилмоқда.
 
2018 йилги солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари солиқ юки янада камайтирилишини, бир хил солиққа тортиш базасига эга солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорининг қисқартирилишини, маҳаллий бюджетларнинг даромад базаси мустаҳкамланишини ва уларнинг мустақиллиги оширилишини, ресурслардан оқилона фойдаланилишини ҳамда бюджетга тушумларнинг тўлиқ тушиши таъминланишини кўзда тутади.
 
Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга камайтирилиши назарда тутилмоқда, бу эса, ўз навбатида, аҳолининг тадбиркорликка интилишини янада оширишга олиб келади.
 
2018 йилга мўлжалланган Давлат бюджети харажатларининг асосий йўналишлари мамлакат бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолишни назарда тутади. Хусусан, 2018 йилда ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар 34,7 триллион сўмни ташкил этади. Қабул қилинган давлат дастурларини амалга оширишга эса 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш таклиф этилмоқда. 2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш Дастури доирасида мактабгача таълим муассасаларини жиҳозлашга 815 миллиард сўм ёки 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробар кўпроқ маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. 48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини яхшилашга 559,1 миллиард сўм ёки 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратиш кўзда тутилган. 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 803,6 миллиард сўм йўналтирилади.
 
Ўзбекистоннинг бош молиявий ҳужжатида уй-жой коммунал ишларини бажариш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ишларга 230,3 миллиард сўм ажратилади, шу жумладан, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга 47,2 миллиард сўм, кўп қаватли турар жой фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштиришга 22,4 миллиард сўм йўналтирилади.
 
Соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида 915,4 миллиард сўм ҳажмида ёки 2017 йил параметрларида назарда тутилганидан 2,5 баробар кўп маблағ йўналтирилади.
 
Сенаторларнинг фикрича, 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг, солиқ ва бюджет сиёсати концепциясининг прогнозлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мос келади.
 
Сенаторлар 2018 йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилдилар.
 
Шундан сўнг сенаторлар “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг мақсади 2018 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатини амалга ошириш учун ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларининг айрим меъёрлари бир хилда қўлланилиши учун уларга аниқлик киритиб қўйишдан иборат.
 
Қонун Бюджет кодекси, Солиқ кодекси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 3 та моддадан иборат. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга киритилиши назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимчалар маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини ошириш, туманлар ва шаҳарларнинг захира жамғармаларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини назарда тутади. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг бюджет ваколатларини уларга қонун ҳужжатларида кўрсатилган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга ҳудудларнинг ҳамда фаолият амалга ошириладиган жойнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда пасайтирувчи ва оширувчи коэффициентларни киритиш ҳуқуқини бериш орқали ошириш назарда тутилмоқда.
 
Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи билан фойда солиғи бирлаштирилаётганлиги, шунингдек, айрим турдаги мажбурий ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сўнгра сенаторлар “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Сенаторлар таъкидлаганидек, ушбу қонун ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг замонавий ташкилий-ҳуқуқий шаклларини жорий қилиш, ички идоравий назорат механизмини кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолчиликка чек қўйиш, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий қилишга қаратилган.
 
Қонунда ҳуқуқни қўллаш амалиётини, соҳадаги мавжуд муаммоларни, шу жумладан, хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида маъмурий тартиб-таомилларнинг умумий қоидалари белгиланган. Хусусан, давлат органлари ва фуқаролар, ташкилотларнинг ҳамкорлигини акс эттирувчи маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий тамойиллари кўрсатилмоқда. Қонунда ишларни кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартиби, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки қонуний кучга эга бўлмаган деб тан олиш учун асослар, норози бўлиб шикоят аризаси беришнинг умумий тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган. Маъмурий ишларнинг тааллуқлилиги, идоралараро ўзаро ҳамкорлик, маъмурий иш юритишда вакиллик, ворислик, далиллар, маъмурий иш юритиш муддатлари ва маъмурий ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлар тўғрисидаги низомлар назарда тутилмоқда. Маъмурий иш юритиш иштирокчилари, шунингдек, маъмурий ишни ҳал қилишга кўмаклашувчи шахслар тоифалари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари батафсил белгилаб берилмоқда.
 
Сенаторларнинг фикрича, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларининг қонунийлик ва шаффофлик даражасини оширади, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шароит таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
 
Қонуннинг мақсади ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшлар онгида мустақиллик ғояларига содиқлик туйғусини, миллий ўзликни англашни, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни ва юрт тақдирига дахлдорликни қарор топтириш, ёшларнинг ташаббусларини рағбатлантиришдир.
 
Қонун билан “Келажак бунёдкори” медалининг тавсифи ва “Келажак бунёдкори” медали тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
 
Ушбу Низом “Келажак бунёдкори” медали билан халқ манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилаётган, юксак ватанпарварлик, фидойилик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этиб келаётган, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва шон-шуҳратини юксалтиришга муносиб ҳисса кўшаётган, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган, ўқишда ва меҳнат фаолиятида катта ютуқларга эришган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мукофотланиши тартибини белгилаб беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб қўйилган вазифаларни ижро этиш доирасида тайёрланганини қайд этдилар.
 
Муҳокама давомида сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси ҳарбий соҳадаги миллий хавфсизликни таъминлашга доир расмий қарашлар, принциплар ва ёндашувлар тизимини ўзида ифодалашини таъкидладилар. Ҳужжат республиканинг қонун ҳужжатларига ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланади, мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳозирда юз бераётган ҳарбий низолар хусусиятидан келиб чиқади, шунингдек, мудофаа соҳасидаги давлат сиёсатининг истиқболдаги устуворликларини, Қуролли Кучларни тайёрлаш, ташкил этиш ва қўллаш асосий принципларини ҳамда йўналишларини белгилаб беради.
 
Шунингдек, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка таҳдидлар кўлами ўзгаришига, ҳарбий-сиёсий вазият шарт-шароитларига ҳамда ҳозирги ҳарбий низолар хусусиятига, мамлакатимиз ҳарбий тузилмани ривожлантириш вазифалари ва йўналишларига қараб Мудофаа доктринасининг айрим қоидаларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлик киритилиши ва тўлдирилиши мумкин. Бунда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат фаолиятининг устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан аниқлаштирилади.
 
Мудофаа доктринаси очиқ хусусиятга эга, бу эса шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига мос келади. Ҳужжат Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, яқин қўшнилар билан амалий муносабатларни ривожлантириш устунлигини мустаҳкамлайди ва ривожлантиради, шунингдек, мамлакатимиз мудофаа сиёсатининг шаффофлигини таъминлайди, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан самарали ҳарбий-сиёсий муносабатлар ва ҳамкорлик қилиш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Шундан сўнг сенаторлар “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, "Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Олий суди томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг бир қатор кодексларини тасдиқлашни назарда тутувчи қонунларни кўриб чиқдилар.
 
Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун киритилган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонунлар суд-ҳуқуқ соҳасида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини акс эттиради. Мазкур ислоҳотлар суд тизимини изчил демократлаштиришга, суд ҳокимияти мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий принципга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
 
Кодексларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги, 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган талаблар эътиборга олинди.
 
“Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқиш давомида сенаторлар ушбу ҳуқуқий ҳужжат 1997 йил 30 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик процессуал кодекси нормалари ва қоидалари асосида ишлаб чиқилганлигини қайд этдилар. Мазкур нормалар ва қоидалар замон талабини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида келтирилган фармонлари билан тасдиқланган дастурларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда Кодексда мавжуд нуқсонларни бартараф этиш мақсадида такомиллаштирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
“Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни кўриб чиқилаётганда Кодекс Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг замон талабларини ҳисобга олиб ва амалдаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган нуқсонларни бартараф этиш мақсадида такомиллаштирилган нормалари асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди. Масалан, Кодексда айрим низоларни (чет эллик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари иштирокидаги ишларни; хорижий судлар ва арбитражлар қарорларини эътироф этиш ҳамда ижро этиш тўғрисидаги ишларни) кўриб чиқиш вилоят даражасидаги иқтисодий судлар судловига киритилди.
 
Низолар тез кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида судловга тааллуқлиликнинг умумий қоидаси ўзгартирилди (юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга даъволар улар рўйхатдан ўтказилган жой бўйича судга тақдим этилади).
 
Фуқаролик процессуал кодексида бўлганидек, шартлашилган (ихтиёрий) вакиллар рўйхати келтирилмоқда, шунингдек, судда вакил сифатида ишларни кўриб чиқиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланишлари мумкин.
 
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишда таъкидланишича, маъмурий соҳалардаги ҳамда бошқа ҳуқуқий муносабатлар борасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш, қонун ва судга ҳурмат муносабатини шакллантириш Кодексда маъмурий суд ишларини юритишнинг муҳим вазифалари этиб белгиланган.
 
Шу муносабат билан Кодексда бир тарафдан давлат органлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа тарафдан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, ташкилотлар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича иш юритиш тартибини, шунингдек, бошқа оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ишлар юритилиши тартибга солинади.
 
Кодекс маъмурий суд ишларини юритишнинг тамойилларини мустаҳкамлайди. Одил судловнинг фақат судлар томонидан ҳамда фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилиши, судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги, суд ишлари юритиладиган тил, судда иш кўришнинг ошкоралиги, судда ишни кўришнинг бевоситалиги ва оғзакилиги, ишларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш ва бошқа тамойиллар шулар жумласидандир.
 
Суд тизими фаолияти самарадорлигини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадида Кодексда суд мажлисини аудио ва видеоёзувга олиш имконияти назарда тутилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сўнгра сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ушбу тармоқда таҳсинга лойиқ натижаларга эришилди. Темир йўл транспорти тармоқлари – бу иқтисодиётимизнинг қон томирлари бўлиб, улар ёрдамида мамлакатимизда юк ва йўловчи ташиш, шунингдек, темирйўл ташувлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича диққатга молик ишлар бажарилмоқда.
 
Бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида 73 минг нафар юқори малакали ходим фаолият юритмоқда. Муҳандис-техниклар ва мутахассислар, йўл хизмати ходимлари, вагон машинистлари ва кузатувчилари, саноат, лойиҳалаштириш ва қурилиш ташкилотлари ходимлари, ижтимоий инфратузилма объектларининг ишчи ва хизматчилари, соҳанинг меҳнатсевар ходимлари шулар жумласидандир.
 
Улар меҳнати туфайли ўтган йиллар мобайнида темир йўл транспорти ходимлари томонидан 1,1 минг километдан ортиқ темир йўллар ётқизилди, 4 минг километрдан ортиқ темирйўл магистраллари модернизация қилинди, 1,7 минг километр темир йўл узеллари электрлаштирилди, 1,4 миллиард тонна юк ташилди, шунингдек, 350 миллиондан ортиқ йўловчи манзилларига етказилди.
 
Темир йўл транспортининг турли тармоқлари ходимлари фаолиятининг ўта мураккаб ва муҳимлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси қонуни август ойининг биринчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни деб белгилайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди
 
Шунингдек, сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 августдаги фармонига мувофиқ тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
 
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, мустақиллик даврида мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартирди, балки ҳаётимизга алоҳида мазмун-моҳият бағишлаб, инсон манфаатларига хизмат қила бошлади. Хусусан, аҳолини арзон ва қулай турар жойлар билан таъминлаш мақсадли дастурлари доирасида намунали кўп қаватли уйлар, маданият ва санъат марказлари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектлар қурилмоқда, шунингдек, йўллар, кўприклар ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиляпти.
 
Сенаторлар таъкидлаганидек, август ойининг иккинчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни деб белгиловчи “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши соҳа ходимларига ўз касб байрамини давлат миқёсида нишонлаш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига тузатишлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги ислоҳотлар муносабати билан тайёрланган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йилнинг 5 октябридаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари ва улар ходимларига нисбатан маъмурий жазо қўллаш бўйича функция ва ваколатларини суд органларига босқичма-босқич беришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу суд ҳокимиятининг тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролини оширишга хизмат қилади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий чораларни қўллашда нохолис ёндашувнинг олдини олишга кўмаклашади.
 
Бундан ташқари, Кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар бировнинг мулкини қасддан йўқ қилиш ёки зарар етказиш учун жавобгарлик механизмини мақбуллаштиради, давлат органи мансабдор шахслари томонидан парламент сўрови, депутат сўрови, сенатор сўровини кўриб чиқмай қолдирганлик ёки узрли сабабсиз уларни кўриб чиқиш муддатларини бузиш ёхуд улар бўйича ишончсизлиги аввалдан маълум бўлган маълумотларни тақдим этганлик учун жавобгарлик киритишни назарда тутади.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 июндаги “Тижорат банкларининг молиявий барқарорлиги ва капиталлашуви даражасини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига банклар томонидан тўловлар узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш ҳамда банкларни кредитлаш шартлари тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлаш мақсадида банкларнинг ликвидлилигини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан кредитлар ажратишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
 
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ижтимоий шерикликни амалга ошириш соҳасини белгилаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқларига аниқлик киритишни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига хавфли ишлаб чиқариш объектларини ҳисобга олиш ва уларнинг давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали тизими жорий этилди. Шундан келиб чиқиб, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Меҳнат кодексига, Уй-жой кодексига, шунингдек, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига олий ўқув юртидан кейинги таълим тизими номларига тегишли бўлган ўзгартишлар киритилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси тегишли нормалар билан тўлдирилмоқда. Улар никоҳни бекор қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан, ушбу қўшимчаларга мувофиқ суд (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари) эр-хотинга ярашиш учун (ариза топширилган кундан бошлаб) муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 18 июлдаги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Қонун ҳужжати солиқ солиш тизимини изчиллик билан соддалаштиришга, солиқ солиш базасини кенгайтиришга, солиқ маъмуриятчилигининг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган.
 
Қонунга мувофиқ Солиқ кодекси ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ солишга доир жорий масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак бериш орқали улар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутадиган солиқ мониторинги жорий этилишини белгилаб берувчи янги “Солиқ мониторинги” боби билан тўлдирилмоқда.
 
Шунингдек, қонун билан Фуқаролик кодекси ва “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширган жисмоний шахсларга банкротликнинг қўлланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
 
Солиқ кодексига ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этиш назарда тутилган.
 
“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартишлар билан солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат қилган санадан бошлаб 15 иш куни давомида ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини қайтариш ёки ҳисобга олиш тартиби ўрнатилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Таъкидланганидек, қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги қарорига мувофиқ “Гаров тўғрисида”ги, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги ҳамда “Ипотека тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.
 
Қонуннинг бир қатор қоидалари вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Жумладан, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз болаларни, шунингдек, ота-оналарни таъминлаш учун алиментлар тўлашдан бўйин товлаш муддатлари қисқартирилмоқда. Бу муддат тугагач, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.
 
Вояга етмаган болаларнинг, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз ва муҳтож ота-оналарнинг моддий таъминотига салбий таъсир кўрсатилишига ва қарздорнинг алимент мажбуриятлари бўйича тўлов қобилиятининг ёмонлашувига йўл қўймаслик мақсадида Жиноят кодексидан жарима тарзидаги санкция чиқариб ташланмоқда. Бундан ташқари, алиментлар тўланишини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси шахс моддий зарарни қоплаган тақдирда, уни жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги қоидалар билан тўлдирилмоқда.
 
Оила кодексига қўшилган нормага мувофиқ вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун, шу жумладан, кўчмас ёки кўчар мулк тарзида ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкин.
 
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш босқичида уларнинг ҳар томонлама муҳокамасини таъминлаш, улар нормаларининг сифатини ошириш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Уларда қонун лойиҳасини тайёрлаш вақтида жамоатчилик фикрини ўрганишда фуқаролик жамияти институтлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакилларининг иштирок этиши назарда тутилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сўнгра сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилиши муносабати билан қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
 
Қонуннинг қабул қилиниши судда маъмурий ва жиноий ишларни кўриб чиқиш тартибини янада такомиллаштиришга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатланувчи ускуналарга нисбатан халқаро кафолатлар тўғрисидаги Конвенцияга (Кейптаун, 2001 йил 16 ноябрь) ва Ҳаракатланувчи ускуналарга нисбатан халқаро кафолатлар тўғрисидаги Конвенциянинг Авиация ускуналари бўйича протоколига (Кейптаун, 2001 йил 16 ноябрь) қўшилиши ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.
 
Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар Кейптаун шаҳрида 2001 йил 16 ноябрда қабул қилинган ва 2006 йил 1 мартда кучга кирган. Бугунги кунда 73 та давлат мазкур халқаро ҳужжатларнинг иштирокчилари ҳисобланади.
 
Кейптаун Конвенцияси ва Авиация ускуналари бўйича протокол билан авиация объектлари – самолётлар, двигателлар ва ҳоказоларга ушбу ҳужжатларнинг барча иштирокчи давлатлари томонидан эътироф этиладиган халқаро кафолатлар вужудга келиши тартиби ва оқибати белгилаб берилади.
 
Сенаторларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиши Ўзбекистон Республикаси фуқаролик авиациясининг ҳаво кемалари саройини модернизациялашда қимматбаҳо авиация техникасини харид қилиш учун сарфланадиган давлат харажатларини тежаш имконини беради, бу эса пировардида парвозлар хавфсизлиги даражасини оширишга кўмаклашади.
 
Сенаторлар “Хорватия Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шериклик таъсис этувчи Шериклик ва Ҳамкорлик тўғрисида Битимга Баённомани (Брюссель, 2017 йил 17 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.
 
1996 йил 21 июнда Флоренцияда имзоланган Европа Ҳамжамиятлари билан Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (ШҲБ) Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ШҲБ қоидалари Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг 27 та аъзо-давлати ўртасидаги ҳамкорликка татбиқ этилади.
 
Баённома Хорватия Республикасининг Европа Иттифоқига қўшилиши муносабати билан Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва у билан боғлиқ бошқа ҳужжатларнинг Хорватия Республикаси томонидан тасдиқланишини назарда тутади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
 
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети харажатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар ҳамда тегишли қарор қабул қилдилар.
 
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн учинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
 

Теглар:Олий мажлис сенати Ялпи мажлис 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар