Учрашувда Президентликка номзод Сарвар Отамуратов ўз нутқида сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида сўзлади.
Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарлари сайловчилари билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтган учрашувни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Ҳ.Омонов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Мамитова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Учрашувда Президентликка номзод С.Отамуратов ўз нутқида сайловолди дастурида илгари сурилган асосий йўналишлар ҳақида сўзлади.
Номзод Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг мақсади – миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш ғоясини амалга ошириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистон халқининг миллий-маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятлари, урф-одатларини асраш ва бойитиш, ташқи сиёсатда миллий манфаатларни ҳимоялаш эканини таъкидлади.
Дастурда миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича давлат дастурлари қабул қилиш ҳамда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланган. Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза қилиш, қулай сармоявий муҳитни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти очиқлигини таъминлаш орқали улар самарадорлигини ошириш, ички хусусий инвестицияларни миллий иқтисодиётга йўналтиришни янада кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида қайд этилган.
Президентликка номзод қадимий ва бой тарихга эга бўлган, мустақиллик туфайли қадр-қиммати тикланган ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини янада мустаҳкамлаш ва унинг тўла амал қилинишига эришиш, тил маданиятини янада юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Бўз туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Ю.Азимова, Андижон банк коллежи директори ўринбосари К.Зайнобиддинов, халқ депутатлари Шаҳрихон тумани Кенгаши депутати Б.Маҳмудов ва бошқалар сўзга чиқди. Номзод илгари сураётган таклифлар миллий-маданий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Сайловчиларни 4 декабрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.