Наримон Умаровнинг сўнгги сайловолди учрашувида 4500 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўзининг республикамиз ҳудудлари бўйлаб олиб борган сайловолди ташвиқоти доирасидаги охирги учрашувини бугун, 28 ноябрь куни Тошкент вилояти сайловчилари билан ўтказди.
Вилоят ҳокимияти мажлислар залида бевосита онлайн видеоконференция мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, ёшлар, партия аъзолари ҳамда журналистлардан иборат жами 4500 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси Р.Талипов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили Ўзбекистон “Адолат” СДП Паркент туман Кенгаши раиси М.Бердиқулова сайловчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолиятига доир маълумотлар билан яқиндан таништирди.
Ўз маърузасида Н.Умаров Тошкент вилояти истиқлол йилларида тубдан янгиланиш ва юксалиш сари юз тутиб, мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан йирик ва салоҳиятли субъектларидан бирига айланганини эътироф этди. Жумладан номзод, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини рақамларда ифодалар экан, бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг қарийб 15 фоизи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 12 фоиздан зиёди, иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг тахминан 10 фоизи, ялпи ички маҳсулотимизнинг эса 9,7 фоизи айни шу вилоят ҳиссасига тўғри келишини қайд этди.
Наримон Умаров сайловчиларни ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирар экан, унда илгари сурилган ғоялар “Адолат” социал-демократик партиясининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги дастурий мақсад ва вазифаларига асосланишини қайд этди. Дастурда белгиланган вазифалар ҳаётийлиги, бугунги замон талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққанлиги, ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўзида акс эттиргани ҳамда аниқ механизмларга асослангани билан сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Жумладан, Наримон Умаров пойтахт вилояти сифатида Тошкент минерал-хомашё манбаларига бойлиги, қулай транспорт-логистика тизимига ва инфраструктурага эгалиги, меҳнат ресурсларининг кўплиги ҳамда ишбилармонлик муҳити яратилгани билан хорижий инвесторлар учун жозибадор ҳудуд саналишига қарамай, бугунги кунда ўзлаштирилаётган хорижий сармоялар ҳажми вилоятнинг иқтисодий салоҳияти учун етарли эмаслигини таъкидлади. Бу борадаги ишларни тизимли равишда ривожлантириш баробарида унинг айрим жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини билдирди.
Хусусан, Президентликка номзод инвестиция таклифларини чуқур ўрганиш ва инвесторларнинг ишлаб чиқаришни модернизациялаш, янги техника ва юксак технологияларни киритиш, рақобатдош, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қатъий назорат остига олиш асносида корхона ва муассасаларни босқичма-босқич хусусийлаштириш сиёсатини давом эттириш ва бу орқали аралаш иқтисодиёт доирасида давлат мулкини ҳимоя қилиш, стратегик муҳим объектларни уларнинг ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб давлат тасарруфида қолдириш принципиал аҳамиятга эга эканлигига сайловчилар диққатини қаратди.
Наримон Умаров сайловчиларнинг саволларига жавоб қайтариб, фикр ва таклифларини билдирган йиғилиш иштирокчиларига миннатдорлик изхор этди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Л.Кошелапова, Тошкент вилояти кўп тармоқли марказий шифохона бош шифокори Б.Қосимов, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати К.Хамидова, “Тўйтепа агро макс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари У.Шоумаров, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти капитал қурилиш дирекцияси режалаштириш бўлими етакчи мутахассиси Е.Аблаева ва бошқалар номзоднинг Сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.