...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёевнинг тошкентлик сайловчилар билан учрашувдаги нутқи


12:40, 28.11.2016 Жамият
 6 367

24 ноябрь куни Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан учрашув ўтказган эди.

Аввалроқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашиб, ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик. Эътиборингизга номзоднинг ушбу учрашувдаги нутқини ҳавола этамиз.
 
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар!
 
Ҳурматли ҳамшаҳарлар!
 
Авваламбор, сиз, азизлар билан бугунги самимий вазиятда учрашиб, дийдор кўришиб турганимдан хурсанд эканимни билдирмоқчиман.
 
Фурсатдан фойдаланиб, сизларга, сизлар орқа­ли бутун пойтахтимиз аҳлига ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
 
Ҳозиргина ҳаммамиз учун азиз ва қадрли бўлган Биринчи Президентимиз, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовни эслаб, у кишининг хотирасига ҳурмат бажо келтирдик. Албатта, дунё миқёсида тан олинган буюк давлат ва сиёсат арбоби, улуғ Юртбошимизнинг вафоти бутун халқимиз учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир жудолик бўлди. Бу аччиқ мусибатни бутун халқимиз, жумладан, азиз устозимиз улкан меҳр қўйган Тошкент шаҳри аҳолиси қандай катта дард ва изтироб билан қалбидан, юрагидан ўтказганини сўз билан ифода этишнинг ўзи қийин.
 
Биринчи Президентимизнинг хотирасини Тошкент шаҳри бошқа жойлардан кўра кўпроқ эсга солади. Чунки бу улуғ инсон ўз ҳаётининг энг фаол, энг жўшқин даврини, талабаликдан бошлаб то давлат раҳбари лавозимигача бўлган даврини айни шу азим шаҳарда ўтказди. Ўзининг мислсиз куч-ғайрати, ноёб билим ва тафаккурини бутун Ўзбекистонимиз ҳудудлари қатори пойтахтимизга ва унинг ривожига бағишлади.
 
Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич Тошкентни Ватанимизнинг юраги ва олтин остонаси, деб таърифлаган эдилар. У кишининг “Тошкент тимсолида Ўзбекистонни, Ўзбекистон тимсолида Тошкентни кўрамиз”, деган сўзлари ҳаммамизнинг қалбимизга сингиб кетган. Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилган ишларни санайдиган бўлсак, рўйхатнинг охири бўлмайди. Битта эмас, ўнта “Тошкентнома” ёзишга тўғри келади.
 
“Тошкент – Шарқ дарвозаси”, “Тошкент – тинчлик ва дўстлик шаҳри”, деган таърифлар ёнига кейинги йилларда “Тошкент – Ислом маданияти пойтахти”, “Тошкент – яшаш учун энг қулай шаҳар” деган эътирофлар қўшилди. Буни наинки хал­қимиз, айни вақтда дунё аҳли ҳам тан олмоқда.
 
Биринчи Президентимизнинг Ватанимиз ва хал­қимиз олдидаги ана шундай тарихий хизматларини доимо ёдимизда сақлаш бизнинг барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Бу улуғ зотнинг хотирасини абадийлаштириш, жумладан, пойтахтимиз Тошкент шаҳри марказида улкан майдон барпо этиб, муҳтарам Ислом Абдуғаниевичнинг улуғвор ҳайкалини ўрнатиш ҳақида бугунги кунда минглаб ватандошларимиз, кенг жамоатчилик томонидан кўплаб мурожаат ва таклифлар келиб тушмоқда. Ишончим комил, бу таклифларни сизлар ҳам албатта қўллаб-қувватлайсизлар.
Азиз дўстлар!
 
Дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” деб тан олинган стратегик тараққиёт йўлини оғишмасдан, қатъият билан давом эттириш ва янги, янада юксак босқичга кўтариш менинг сайловолди дастуримнинг асосий мазмунини ташкил этади.
 
Мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида сайловчилар вакиллари билан бўлаётган учрашувларда мен бир ҳақиқатга яна ва яна бир бор ишонч ҳосил қиляпман:
 
Ўзбекистонда олиб борилаётган, ҳаёт синовидан ўтган сиёсатни, бизни мана шундай эркин ва фаровон кунларга олиб келган йўлни эл-юртимиз миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама маъқул йўл деб топмоқда.
 
Олдимизда турган бўлғуси сайловларда халқимиз эркин овоз бериш, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш орқали ўзининг эртанги куни, мамлакатимизнинг келгуси ривожланиш йўлини яна бир бор аниқлаб, тасдиқлаб олади.
 
Шу нуқтаи назардан қараганда, сайловни Конс­титуциямиз ва миллий қонун нормаларига, халқаро андозаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтказишимиз қандай катта аҳамиятга эга экани ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
 
Ўта муҳим бу сиёсий жараёнда кўпмиллатли пойтахт аҳли халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти, гражданлик позицияси тобора юксалиб бораётганини дунё ҳамжамиятига намоён этишда бошқаларга ўрнак ва намуна бўлади, деб ишонаман.
 
Қадрли ватандошлар!
 
Тошкент шаҳри 2200 йилдан зиёд кўҳна тарихга эга бўлган улуғ ва азим шаҳардир. Бу муқаддас замин Шайх Ҳованди Тоҳур, Шайх Зайниддин бобо, Қаффол Шоший, Иброҳим ота, Қўйлиқ ота каби кўплаб азиз-авлиёларга бешик бўлган. Бадриддин Чочий, Зайниддин Восифий, Шарофиддин ибн Юсуф Илоқий, Исоқ Шоший, Муҳаммад Ҳайдар каби аллома ва шоирлар шу юртда таваллуд топганлар.
 
Ўтган аср бошларида бутун Туркистон ўлкасини қамраб олган жадидчилик ҳаракатининг маркази ҳам айнан Тошкент шаҳри эди. Бу ҳаракатнинг кўзга кўринган намояндалари Мунаввар Қори, Абдулла Авлоний, Тавалло, Убайдулла Хўжаев, ўози Юнус, ўулом Зафарий, Хуршид каби зиёлилар ўзларининг эзгу ғоялари, маърифий асарлари билан тарихимизда ўчмас из қолдирдилар. Айниқса, буюк адибимиз, ўзбек романчилик мактабининг асосчиси Абдулла Қодирий бадиий даҳоси билан яратилган етук асарлар миллий ўзлигимизни англашда бугун ҳам беқиёс аҳамият касб этмоқда.
 
Барчамизнинг маънавий камол топишимизда Ойбек, ўафур ўулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Саид Аҳмад, Миркарим Осим, Шуҳрат, Ҳамид ўулом, Озод Шарафиддинов, Ўлмас Умарбеков, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов каби ўнлаб шоир ва адибларимизнинг – Оллоҳ уларни раҳмат қилсин – улуғ хизматлари борлигини доимо миннатдорлик билан эслаймиз. Бугунги кунда Шукрулло, Иброҳим ўафуров, Тоҳир Малик, Хуршид Дўстмуҳаммад, Умида Абдуазимова, Эркин Усмонов, Шуҳрат Ризаев каби устоз ижодкорлар сафига янги-янги истеъдод эгалари келиб қўшилмоқда.
 
Замонавий ўзбек илм-фани тарихи ва тараққиётини албатта Тошкент шаҳрисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу ҳақда гапирганда, Ўзбекистон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Обид Содиқов, ўани Мавлонов, Собир Юнусов, Обид Акромхўжаев, Содиқ Азимов, Шокир Алимов, Яҳё ўуломов, Малик Набиев, Эргаш Фозилов, Турсун Азларов, Улуғ ўуломов, Тўрабек Долимов, Ўткир Исломов, Тўхтапўлат Рисқиев каби кўплаб марҳум академикларимизнинг номларини – барчасининг охирати обод бўлсин – чуқур ҳурмат билан эсга оламиз.
 
Бугунги кунда Тошкент йирик илмий ва маданий марказ, том маънода маърифат ва маънавият, ёшлар ва талабалар шаҳри ҳисобланади. Бу ерда Ўзбекистон Фанлар академияси ва 47 та илмий-тадқиқот институти, илмий марказлар, 39 та олий ўқув юрти мавжуд.
 
Шу билан бирга, хорижий давлатлардаги юқори нуфузга эга бўлган университет ва институтларнинг 7 та филиали борлигини алоҳида таъкидлаш лозим. В.Успенский, Р.Глиэр номидаги машҳур мусиқа мактаблари, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона фаолият кўрсатмоқда.
 
Тошкент шаҳрининг неча юзлаб фан докторлари, профессорлари илм-фан ва таълим даргоҳларида фаолият кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
 
Ана шундай илм-фан фидойилари – Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Шавкат Солиҳов, академиклар Оқил Салимов, Нусрат Парпиев, Азиз Қаюмов, Турғунпўлат Даминов, Шавкат Каримов, Сайёра Рашидова, Раъно Убайдуллаева, Абдумавлон Абдуллаев, Машҳура Мавлоний, Шавкат Аюпов, Шомансур Саъдуллаев, Шавкат Алимов ҳамда таниқли профессорлар Шуҳрат Эгамбердиев, ўафуржон Муҳамедов, Наим Каримов, Аббосхон Тўраев каби ўнлаб, юзлаб олимларимиз ўзларининг илмий изланишлари, давлат ва жамоат ишларидаги фидоийликлари билан катта обрў-эътибор қозонганлар.
 
Айнан мана шундай атоқли олимларимиз ва уларнинг юзлаб издошлари яратган муҳит туфайли пойтахтимизнинг илмий салоҳияти тобора юксалиб бормоқда.
 
Ўзим ҳам шу соҳага дахлдор инсон сифатида олим зотининг нони қанчалик қаттиқ, уларнинг меҳнати игна билан қудуқ қазишдек машаққатли эканини яхши биламан. Шунинг учун илм йўлида заҳмат чекаётган барча инсонларни мен ўзимга яқин оламан, уларни жамиятни олға етаклайдиган фидойи инсонлар деб ҳисоблайман.
 
Шу сабабли менинг дастуримда интеллектуал соҳа аҳлининг меҳнатини қадрлаш, уларнинг изланишларини рўёбга чиқариш учун зарур шароит яратиб бериш масаласи етакчи ўрин эгаллайди.
 
Тошкент шаҳрида ўзининг ҳалол меҳнати, бетакрор истеъдод ва маҳорати билан эл-юртимиз ўртасида юксак ҳурмат топган юртдошларимиз ҳақида гапирганда, аввало, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, моҳир шифокорлар Малика Абдуллахўжаева, Холиджон Комилов, Зайниддин Низомхўжаев, Равшанбек Қурбонов, заҳматкаш педагоглар Турғун Азларов, Мавлуда Исматова, машҳур навоийшунос олима Суйима ўаниева, маҳалла жонкуяри Холхўжа Умаров, чилангар уста Эркин Алимуҳамедов, қурувчи Тоир Дадахоновнинг номларини эҳтиром билан тилга оламиз.
 
Гўзал шаҳримизнинг обод ва кўркам бўлишида, унинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳалари ривож топишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган азиз ва мўътабар отахону онахонларимиз ҳамиша бизларга ишончли таянч, куч-қувват, мададкор ва маслаҳатгўй бўлиб келмоқдалар.
 
Бу ҳақда гапирганда, Шуҳрат Усмонов, Муҳамаджон Зуфаров, Мадамин Ҳасанов, Шуҳрат Жалилов, Исмоил Жўрабеков, Азиз Тўраев, Абдукарим Усмонхўжаев, Ботир Тошхўжаев, Хатима Шайхова, Галина Мельникова, Хосият Ёқубжонова, Муборак Юнусхўжаева, Дилбар Ғуломова каби инсонларнинг номларини тилга олиб, уларга, барча нуронийларимизга чексиз раҳматлар айтамиз.
 
Тошкент миллий маданиятимиз ва санъатимизнинг қадимий ва замонавий бешикларидан бири сифатида ҳам барчамиз учун азиз ва қадрлидир. Буюк санъаткорлар – Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Юнус Ражабий, Маннон Уйғур, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Карим Зокиров, Қудрат Хўжаев, ўани Аъзамов, Зикир Муҳаммаджонов, Ботир Зокиров, Эргаш Каримов каби ўнлаб, юзлаб истеъдод соҳиблари маданиятимиз тарихида ёрқин из қолдирганини барчамиз яхши биламиз.
 
Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқ артистлари – Пўлат Саидқосимов, Рихсихон Иброҳимова, Яйра Абдуллаева, Элёр Носиров, Афзал Рафиқов, Гулчеҳра Жамилова, Фаррух Зокиров, Ғуломжон Ёқубов, Малика Иброҳимова, Ҳайрулла ва Ёдгор Саъдиевлар, Лутфулла Саъдуллаев, Исмоил Жалилов, Дилбар Икромова, Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий, таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – Маҳмуд Исмоилов, Ҳожиакбар Комилов, Гулчеҳра Саъдуллаева, Фатҳулла Маъсудов, Абдураим Абдуваҳобов, Абдулла Шомағрупов, Рашид Холиқов, Тоҳир Содиқов каби истеъдод соҳиблари фаол ижод қилиб келмоқда.
 
Ўзбек замонавий тасвирий санъати ривожига Ўзбекистон халқ рассомлари Чингиз Аҳмаров, Малик Набиев, Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Жалолиддин Миртожиев каби марҳум санъат усталари буюк ҳисса қўшдилар. Атоқли рассом ва ҳайкалтарошларимиз Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов, Владимир Бурмакин, Илҳом Жабборов, Акмал Икромжонов, машҳур халқ устаси Ортиқ Файзуллаевларнинг ижоди ҳақида ҳар қанча фахр­ланиб гапирсак, арзийди.
 
Тошкент ўзбек спортининг энг ёрқин намояндалари учун тажриба ва маҳорат мактаби, парвоз майдони бўлиб келаётганини ҳамиша миннатдорлик билан эътироф этамиз.
 
Катта спорт оламига илк қадамини айнан шу заминдан бошлаган Биродар Абдураимов, Тўлаган Исҳоқов, Миржалол Қосимов, Рустам Қосимжонов, Равшан Эрматов, Армен Багдасаров, Оксана Чусовитина, Ирода Тўлаганова каби юртдошларимизнинг номларини барча спорт мухлислари яхши биладилар.
 
Бугунги кунда йирик халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Екатерина Хилько, Антон Фокин, Светлана Радзивил, Алексей Мочалов, Самира Амирова, Нигора Турсунқулова каби спортчиларимизнинг номларини алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз.
 
Шу йил Бразилияда ўтказилган Олимпиада ва 15-Паралимпия ўйинларида Рустам Тўлаганов, Александр Свечников, Дониёр Солиев, Дмитрий Хорлин медалларни қўлга киритиб, ҳақиқий жасорат ва матонат кўрсатдилар.
 
Имкониятдан фойдаланиб, бугунги учрашувимизнинг барча қатнашчиларига ва пойтахтимиз аҳолисига фидокорона меҳнатингиз, пойтахтимиз қиёфасини ўзгартиришга қўшаётган улкан ҳиссангиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, фаровонлик ва оилавий бахт-саодат тилайман!
 
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
 
Тошкент халқи ўзининг бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан бутун дунёда ном қозонган. Ўз даврида бу ҳақда “Тошкент – нон шаҳри” деган китоб ва фильм яратилгани ҳам бунинг тасдиғидир. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида фронт минтақаларидан кўчириб келтирилган турли миллатга мансуб минг-минглаб етим болалар, аёллар ва кексаларни ўз бағрига олиб, бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрган тошкентликлар инсонийликнинг юксак намунасини бутун оламга намоён этдилар.
 
Бугунги кунда пойтахтимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Тошкент миллати, тили ва динидан қатъи назар, уларнинг барчаси учун ҳақиқий Ватанга айланганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
 
Эл-юртимиз ўзининг самарали меҳнати билан ҳурмат топган Республика Байналмилал маркази директорининг ўринбосари Сергей Миронов, Сенат аъзоси Агрепина Шин, Қозоқ миллий маданият маркази раиси ўринбосари Ҳамза Холмуратов, Тошкент давлат жисмоний тарбия институтининг проректори Ришод Набиуллин, Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Мобил Якуб ўғли Мамедов, Арман миллий маданият маркази раиси Мартин Сетян, Тошкент давлат шарқшунослик институти кафедра мудири Жумали Шабанов, Тошкент шаҳар поляк маданий марказининг раиси Елена Кондратьенко каби ажойиб инсонларнинг ижтимоий фаолиятини юксак баҳолайди.
 
Азиз ватандошлар!
 
Мана, қирқ йилдирки, менинг ҳаётим ва фаолиятим жонажон Тошкент шаҳри билан боғлиқ ҳолда кечмоқда.
 
Айни шу азим шаҳарда олий таълим олдим, туз-насиба топиб, оилали бўлдим, фарзандлар, набиралар кўрдим, минг-минглаб дўсту биродарлар, маслакдошлар орттирдим.
 
Қанча-қанча улуғ инсонлар билан мулоқотда бўлиш, биргаликда ишлаш бахти насиб этди. Қаерда, қайси вазифада ишламайин, пойтахт аҳлининг самимий муносабати, меҳр-оқибатини, қўллаб-қувватлашини доимо ҳис қилиб келаман ва бунинг учун яна бир бор барчангизга миннатдорчилик билдираман.
 
Гўзал пойтахтимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган улкан ишларда менинг ҳам камтарин ҳиссам борлигидан ҳамиша фахрланиб юраман.
 
Қадрли дўстлар!
 
Тошкент шаҳрининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини ҳаммамиз яхши биламиз. Пойтахтимиз барча соҳаларда бўлгани каби замонавий корхоналар ташкил қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни, илғор усулларни жорий этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳам ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда.
 
Юқорида айтиб ўтганимдек, бугунги кунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 16 фоиздан ортиғи, инвестицияларнинг 18 фоиздан, саноат маҳсулотларининг 20 фоиздан зиёди Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда.
 
Охирги беш йилда бу ерда ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 баробар, жумладан, саноат маҳсулотлари 2 марта, қурилиш ишлари ҳажми 2 каррадан зиёд ўсгани пойтахтимизнинг барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётганини кўрсатади.
 
Бугун биз эришилган ана шундай ютуқларни эътироф этган ҳолда, энг аввало, Тошкент шаҳри иқтисодиёти ва аҳолиси олдида турган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
 
Тошкент шаҳрини келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган иқтисодий дастурда, биринчи галда, ривожланган мегаполисларга хос бўлган, юқори технологияга асосланган, дунё бозорида рақобатдош саноат маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқариш, замонавий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва ахборот инфратузилмасини ривожлантириш ҳисобидан иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш назарда тутилган.
 
Бу борада янги иш ўринларини яратиш энг устувор вазифамиз бўлиб қолади. Ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳрида коллежлар, академик лицейлар, олий таълим муассасалари битирувчилари ва ишга муҳтож аҳоли учун муносиб иш ҳақи тўланадиган қарийб 80 минг янги иш ўринлари ташкил этишимиз лозим. Ушбу вазифани бажариш учун қуйидаги муҳим чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур.
 
Биринчидан, биз электротехника, машинасозлик, қурилиш-пудрат ташкилотлари, медицина хизматларини кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган кичик бизнес корхоналари учун янги рағбатлантирувчи асослар яратамиз.
 
Шу борада бундай корхоналарда мавжуд имтиёзлардан фойдаланиш учун ходимларнинг йиллик сонини 120 тадан 240 кишигача оширишга имкон берадиган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунинг натижасида ушбу тармоқларда жами 15 мингга яқин янги иш ўринлари ташкил қилинади, йиллик 1 триллион 600 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва хизматлар кўрсатилади.
 
Иккинчидан, маълумки, Тошкент шаҳрида банк ва молия институтларининг марказий идоралари фаолият юритади. Бинобарин, бу ерда банк хизматларининг турлари ва сифати бўйича ҳали ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд.
 
Шу сабабдан тижорат банклари томонидан тадбиркорларга арзон фоизли кредитлар беришорқали уларнинг лойиҳаларини молиялаштириш ҳажмини кўпайтириш ҳисобидан қанча-қанча янги иш ўринлари яратиш мумкин. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 22 та тижорат банки ва уларнинг 123 та филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда 38 мингдан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатилмоқда.
 
Агар тижорат банкларининг ҳар бир мижози томонидан қўшимча равишда камида 3 тадан иш жойи яратилса, Тошкент шаҳри бўйича қўшимча тарзда 114 мингта иш ўринлари яратилади.
 
Шу боис тижорат банклари томонидан 2017 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун қарийб 1 триллион 208 миллиард сўмлик, йиллик 9-10 фоизли имтиёзли ставкада микрокредитлар бериш дастури ишлаб чиқилади.
 
Учинчидан, тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар, ўйлайманки, барчангизга яхши маълум.
 
Мамлакатимиз тадбиркорлари режадан ташқари ва муқобил текширишларнинг бекор қилинишини, бизнес юритиш учун дадил, қўрқмасдан шахсий маблағларини ишлатиш ёки мулкини гаровга қўйиш, иш ўринлари ташкил этиш, ўз оилалари ва ишчиларини даромад билан таъминлаш имконини берадиган янги қонуний нормаларни катта хурсандчилик билан қабул қилишди.
 
Бироқ, қабул қилинган бу нормаларнинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши бизнинг асосий вазифамиз бўлиши зарур. Давлат ва назорат қилувчи органларнинг ҳар бир раҳбари ўз идораси ҳамда ходимлари томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилиши учун шахсан жавобгар бўлиши лозим. Тадбиркорларнинг ишончини суиистеъмол қилишга бизнинг ҳеч қандай ҳаққимиз йўқ.
 
Бизнинг бош вазифамиз – тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш учун энг қулай шарт-шароитлар яратишни таъминлашдир. Бизнес билан шуғулланаётган ҳар бир кишида давлат томонидан қўллаб-қувватланишига қатъий ишонч бўлиши шарт. Одамлар бизнес билан шуғулланишдан манфаатдор бўлиши зарур. Тадбиркор ва халқ бой бўлса – мамлакат ҳам бой бўлади.
 
Тўртинчидан, ўтган йили электрон тизимлардан фойдаланган ҳолда бизнес учун 16 турдаги давлат хизматларини “ягона ойна” тизими орқали амалга ошириш ташкил қилинган эди. Бу бизнес учун сезиларли енгилликлар туғдириб, тадбиркорларни маълумотнома ва рухсат берувчи ҳужжатлар олиш учун амалдорлар кабинетларига ойлаб қатнаб, хонама-хона юришлардан озод қилди.
 
Шу сабабдан, 2017 йилда соддалаштирилган “ягона ойна” тизими орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари 30 тагача кўпайтирилади. Бунда, ушбу жараёнларни амалда татбиқ этилиши бўйича назоратни кучайтириб, уларни бажармаганлик учун маъмурий жазолаш нормаларини киритамиз.
 
Бешинчидан, Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар маҳалласи кўчаларида дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларидаги каби, хусусий тадбиркорларнинг фаолияти ва миллий меъморчилик намуналари асосида “Эски Тошкент” номли тарихий-маданий ва дам олиш марказини ташкил этамиз.
 
Бу, бир томондан, шу ҳудудда яшайдиган аҳоли учун ўз бизнесини ташкил қилишга ва янги иш ўринларини яратишга имкон беради. Иккинчи томондан, чет эллик меҳмонлар орасида бизнинг анъана ва урф-одатларимизни тарғиб этишга хизмат қилади.
 
Ушбу марказдаги объектларнинг қурилиши хусусий тадбиркорлар томонидан Миллий банкнинг имтиёзли кредитларини жалб қилган ҳолда молиялаштирилади.
 
Олтинчидан, 2017 йилда биз тадбиркорлар ва тижорат банкларининг жами 1 миллиард долларгача бўлган маблағлари ҳисобига “Ўқчи Олмазор” массивида умумий майдони 70 гектар бўлган “Тошкент Сити” ишбилармонлик ҳудудини босқичма-босқич қурилишини бошлаймиз.
 
Еттинчидан, барчамизга маълумки, Тошкент шаҳри юқори илмий салоҳиятга эга. Бироқ, ҳар йили ўтказиладиган инновация ярмаркалари туфайли илмий тадқиқотлар натижалари маълум бир даражада йирик саноат корхоналари томонидан фойдаланилса-да, кичик бизнес корхоналари томонидан деярли татбиқ этилмайди.
 
Биз, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни тадбиркорлик фаолияти билан бирлаштириш имкониятини берувчи амалий механизмни ташкил этишимиз лозим. Бу эса, бир томондан, инновацион бизнесни ривожлантиришга имконият яратса, иккинчи томондан, илмий тадқиқотларнинг самарасини ошириш учун инвестициялар оқимини кўпайтиришни таъминлайди.
 
Шу муносабат билан Яшнобод ва Олмазор туманларида кичик бизнеснинг инновацион технопарклари ташкил этилади ва қиймати 102 миллиард сўм бўлган 285 та инновацион лойиҳа амалга оширилади. Натижада ташқи ва ички бозорда харидоргир бўлган 38 турдаги мутлақо янги маҳсулот ўзлаштирилади ва 6 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.
 
Юқорида қайд этилган таклифлар ва ташаббуслар билан биргаликда Тошкент шаҳрида келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида қиймати 2 триллион сўмдан ошиқ ва 156 миллион долларлик жами 281 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Жумладан:
 
– Бектемир туманида Универсал банк ва “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан қиймати 20 миллион доллар бўлган, йилига 1500 та юк ташиш вагонларини қайта таъмирлаш лойиҳаси амалга оширилади;
 
– Сирғали туманида “Асакабанк” ва “Ўзбекозиқ­овқатхолдинг” компанияси томонидан “Грин Ворлд” қўшма корхонасида йилига 25 миллион дона қадоқланган мева шарбатлари ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилади;
 
– Миробод туманида Миллий банк ва “Ўзфармсаноат” концерни томонидан “Нано Медик” корхонасида йилига 450 минг дона 9 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш ташкил этилади;
 
– Шайхонтоҳур туманида “Капиталбанк” ва “Ўзэлтехсаноат” компанияси томонидан “Нур инвест технология” корхонасида 2 миллион дона энергия тежайдиган лампалар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади.
 
Шулар қаторида бошқа туманларда ҳам жами қиймати 4,8 триллион сўмлик 1650 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бунинг натижасида 48 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари, тармоқ корхоналар раҳбарлари ва туман ҳокимларидан ташаббускорлик ва ташкилотчилик талаб қилинади.
 
Ҳурматли мажлис қатнашчилари!
 
Бугунги шиддатли глобаллашув замонида барча турдаги инфратузилма тармоқларини ривожлантириш ва уларни жаҳон талаблари даражасига яқинлаштириш келгуси йилларда иқтисодий дастурларни амалга оширишда жуда муҳим аҳамият касб этади.
 
Шу билан бирга, бизнинг энг муҳим вазифамиз – одамларнинг бунёдкорона меҳнати, ҳаёт таъминоти ва дам олиши учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шу муносабат билан сизларни жорий ва истиқболдаги режаларимиздан хабардор қилмоқчиман.
 
Биринчи – кўп қаватли янги ва шинам уй-жойларни барпо этиш масалалари.
 
Шаҳарнинг бош режасига асосан, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, 290 минг одам ёки 86 минг оила учун умумий ҳажми 8 миллион квадрат метрдан ортиқ бўлган янги кўп қаватли уйлар барпо этилади.
 
Бу жараён нафақат моддий жиҳатдан етарлича таъминланган одамлар, балки аҳолининг ўрта тоифаси учун ҳам мўлжалланиши зарур.
 
Яна бир масала – бу эскирган уй-жойлар муаммоси. Ҳисоб-китобларга кўра, пойтахтимизда 76 мингга яқин хонадон 60 йил аввал қурилган ва яшаш учун хатарли бўлган эски уйларда ҳаёт кечирмоқда.
 
Айнан шу боис биз бу борада мутлақо янги дастурни амалга ошириш бўйича, яъни 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли арзон уй-жойлар қуриш тўғрисида қарор қабул қилдик.
 
Даромади юқори бўлмаган, шунингдек, эски уйларда яшаётган оилалар имтиёзли ипотека кредитлари ва солиқ имтиёзлари асосида бундай уйлардан квартира харид қилиш имкониятига эга бўлади.
 
Хусусан, дастлабки босқичда ушбу мақсадларга келгуси 5 йилда жами 2,5 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Жумладан, 1,8 триллион сўм банкларнинг имтиёзли кредитлари ва 615 миллиард сўм аҳолининг бошланғич бадаллари ҳисобига шакллантирилади. Бунинг эвазига 32 минг хонадондан иборат бўлган 500 та кўп қаватли уй барпо этилади.
 
Бундан ташқари, яқин 5 йил ичида шаҳарнинг ҳар бир туманида 20 тадан, жами 200 та кўп қаватли уй барпо этилади.
 
Турар-жой мавзеларини қуришда уларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик тармоқлари билан таъминланиши, уйларнинг атрофини обод қилиш кўзда тутилган.
 
Шу билан бирга янги қуриладиган аҳоли мавзеларига яқин жойларда хизмат кўрсатиш соҳаларида янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.
 
Масалан, Бектемир туманида яқин 5 йил ичида 20 та кўп қаватли уй янгидан қурилиб, жами 4 мингдан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади. Ушбу кўп қаватли уйлар Ҳусайн Бой­қаро кўчаси ҳамда “Бинокор” ва “Сувсоз” даҳалари бўйлаб барпо этилиши мўлжалланмоқда.
 
Яшнобод туманидаги Тараққиёт кўчасида 70 дан ортиқ кўп қаватли уйлар, савдо-кўнгилочар марказлари, спорт-соғломлаштириш мажмуалари қурилиши яқин кунларда бошланади.
 
Мирзо Улуғбек туманида 60 дан ортиқ кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Бу ерда 20 минг 600 дан ортиқ аҳоли замонавий уй-жой билан таъминланади.
 
Кейинги масала – уй-жой фондидан самарали фойдаланиш.
 
Шаҳарда уй-жой фонди янада кенгайишини эътиборга олсак, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва фойдаланиш ишларининг тизимли равишда олиб борилишини таъминлаш юзасидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини мувофиқлаштириш алоҳида аҳамият касб этади.
 
Афсуски, маҳаллий ҳокимликларнинг бу масаладаги ўрни ва масъулияти замон талабига жавоб бермайди. Ана шу муаммоларни ечиш учун ширкатлар томонидан фойдаланиш йиғимлари ва тижорат банклари кредитлари ҳисобидан жами 338 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
 
Кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва улар ҳудудини ободонлаштириш ишларини самарали йўлга қўйиш учун 2017-2021 йилларга мўлжалланган режа ишлаб чиқиш зарур. Мазкур дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Марказий банк, республика тижорат банклари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига йилига 200 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилмоқда.
 
Айтиш жоизки, 2016 йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун ширкатларга 155 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.
 
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг моддий-техник базасини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда молиявий ҳолатини соғломлаштириш мақсадида фаолият юритаётган 2 минг 375 та уй-жой мулкдорлари ширкатини келгуси 5 йилда барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилиш мўлжалланмоқда.
 
Иқтисод қилинган маблағлар кўп қаватли уй-жойларнинг умумий фойдаланишда бўлган майдонларини таъмирлашга йўналтирилиши лозим.
 
Бундан ташқари, 1 минг 435 та уйнинг 678 тасида лифтларни алмаштириш, 2 минг 300 тасида том қисмлари ва 5 минг 100 тасида подваллар капитал таъмирланади.
 
Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида, 2021 йилга бориб уй-жой ширкатлари зарур техника ва механизмлар билан жиҳозланган, малакали мутахассисларга эга, аҳолига тезкор сифатли хизмат кўрсатадиган ҳамда молия­вий ўзини ўзи таъминлайдиган замонавий сервис корхоналарига айланади.
 
Иккинчи – муҳандислик-коммунал инфратузилмаси билан боғлиқ долзарб масалалар. Коммунал хизматлар кўрсатишнинг ривожланган тизими – бу жамиятни ривожлантириш кўрсаткичларидан бири бўлиб, аҳолининг кайфиятига кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир.
 
Шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида келгуси 5 йилда 400 дан зиёд мавзе ва маҳаллаларда 318 километр узунликда ичимлик суви ҳамда 450 километр оқова суви тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, 172 та сув насосини алмаштириш лозим.
 
Иссиқлик таъминоти соҳасидаги муаммоларни ечиш учун ҳар бир туман, мавзе ва уйлар кесимида локал қозонхоналарни ишга тушириш, эскирган тармоқларни янгилаш юзасидан, молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда, 5 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади.
 
Бугунги кунда электр тармоқлари ва трансформатор пунктларининг бир маромда ишлаши, яъни, узилишлар ва аварияларнинг олдини олиш айниқса долзарб масала бўлиб қолмоқда. Бу борада келгуси 5 йилда паст кучланишдаги электр тармоқларини ва трансформатор пунктларини реконструкция қилиш учун 480 миллиард сўм миқдоридаги 33 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.
 
Фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида замонавий электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш, электр тармоқларини таъмирлаш ишларини бажариш учун келгуси беш йилда 345 миллиард 800 миллион сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.
 
Газ тармоқлари ва иншоотлари – бу коммунал соҳадаги яна бир муҳим йўналиш сифатида эътиборимиз марказида бўлади.
 
Бу борада 2017-2021 йилларда табиий газ тармоқлари ва иншоотларини кенгайтириш ҳамда реконструкция қилиш учун “Ўзтрансгаз” компаниясининг 350 миллиард сўм миқдоридаги маблағи ҳисобидан 183 та лойиҳани амалга ошириш мўлжалланмоқда.
 
Фойдаланилган табиий газ учун ҳисоб-китобни бугунги талаблар даражасида олиб бориш учун замонавий электрон газ ҳисоблагичларни янгилаш, газ тармоқлари пунктларини барпо этиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун келгуси беш йилда 41,3 миллиард сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.
 
Пойтахтимизнинг экологик ва санитария муҳитини яхшилаш учун чиқиндиларни йиғиш ва уларни зарарсизлантириш билан боғлиқ масалалар алоҳида аҳамият касб этади.
 
Бу борада шаҳар миқёсида яқин 5 йил ичида жами 117,3 миллиард сўм давлат ва маҳаллий бюджет ҳамда хорижий молиявий институтлар ҳисобидан маблағ ажратган ҳолда, 92 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
 
Энг аввало, 2018 йилда Осиё таррақиёт банкининг 17,8 миллион доллар ҳамда “Махсустранс” корхонаси маблағлари ҳисобидан Тошкент вилояти, Оҳангарон ҳудудида замонавий талабларга жавоб берадиган 30 гектар янги санитария полигони қурилиши режалаштирилган.
 
Шунингдек, туманларда чиқинди йиғиш ва ташиш учун 332 та махсус транспортни ҳамда чиқинди қутиларини харид қилиш, майдончаларни реконструкция қилиш ва қуриш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган.
 
Шу кунларда Ҳукумат томонидан мамлакатимизда санитария ҳолатини яхшилашга доир ишларни ташкил этиш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
 
Учинчи йўналиш – маҳаллий йўлларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари. Ҳовли-жойларни, хонадон остонасини озода ва обод сақлаш миллий урф-одатларимизнинг ажралмас қисми бўлиб, биз учун катта тарбиявий аҳамиятга эга. Бу аҳолимизнинг барчаси амал қиладиган кундалик жараёндир.
Шаҳар миқёсида яқин 5 йил ичида мавзелар ва маҳаллаларни ободонлаштириш юзасидан 395 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 284 километр ички йўллар янгиланади, аҳоли маданий дам оладиган боғ ва хиёбонлар ташкил этилади, ирригация тизимлари реконструкция қилинади. Шу билан бирга, кенг миқёсда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
 
Тўртинчи – жамоат транспортини ривожлантириш масалалари. Пойтахтимизда жамоат транспортидан фойдаланиш масаласи бугунги кунда долзарб бўлиб қолмоқда.
 
Бу борада автобус, метро ва бошқа турдаги жамоат транспортларининг фаолиятини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, келгуси 5 йилда умумий қиймати қарийб 390 миллиард сўм бўлган 4 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
 
Шаҳарда серқатнов, тирбанд ҳудудлар бўйича 80 та янги автобус йўналиши ташкил этилади. Ҳар йили катта ва ўрта сиғимдаги 100 та автобус харид қилинади. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 335 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
 
Енгил автомобиль ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Сирғали ва Яшнобод туманларида 4 та кўп қаватли автогаражларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шундай гаражларни барпо этиш мақсадида келгуси 5 йилда яна 84 та лойиҳа амалга оширилади.
 
Мисол учун, Сирғали туманининг “Сирғали-6” мавзесида жойлашган 400 та автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автогараж қурилишига жами 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, у 2017 йилда ишга туширилади.
 
Тошкент метроси қурилишини давом эттириш юзасидан 2017-2020 йилларда умумий қиймати 295 миллион доллар давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланади.
 
Шаҳарнинг ҳалқа йўли бўйлаб узунлиги 66,3 километр бўлган темир йўл транспорт воситасини – яъни, электричкани йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳани 2017-2030 йилларда амалга ошириш учун давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 189 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
 
Тошкент шаҳри аэропортида 2019-2020 йилларда янги халқаро терминал қурилиши амалга оширилади. Бунинг учун давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 336 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Сайловолди учрашув 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Li Lola
05:46 30.11.2016

Mirziyoev ALLOHGA Yaqin Inson. Qalbi Toza ,BOLALARCHA Soddaligi Bor ! Faqat OMAD !


Sevara
09:31 29.11.2016

Shavkat Miromonovichning nutqlarini o'qib chiqdim. Menga kelajakdagi rejalari yoqdi. Men albatta ularga ovoz beraman!



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар