Куни кеча мазкур вилоятга “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Наримон Умаров ташриф буюрган эди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси халқ депутатлари Шофиркон тумани кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари Э.Ҳасанов очди. Номзоднинг ишончли вакили С.Ҳамроев йиғилганларни Сарвар Отамуратовнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Cайловолди дастурида маънавий-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратган, ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутиши таъкидланган. Маданий мерос объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, ҳисобга олиш ишларини такомиллаштириш, музей, архив, кутубхона ва бошқа жойларда сақланаётган, маданий мерос объекти белгиларига эга бўлган экспонатлар, коллекция ва архив ҳужжатларини тўлиқ тоифалаштириш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.
Ўзбекистон замини, жумладан, Бухоро кўп асрлик тарих ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг барчаси мамлакатимизда туризм индустриясини янада ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради. Туризм иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимига, қўшимча иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади. Иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ қатор тармоқлари инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Сайёҳлик инфратузилмасини кенг ривожлантириш, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлиши, транспорт ва меҳмонхона хизматлари, сайёҳлик логистикасини такомиллаштириш, сайёҳлик индустрияси билан боғлиқ хизматларнинг турли соҳаларига замонавий ахборот технологиялари жорий этилишига эришиш лозим.
Дастурда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини янада кенг жорий этиш, спортнинг барча турлари, айниқса, Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган ва миллий турларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, болалар спортини ривожлантириш, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш борасида аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича ҳам бир қатор вазифалар илгари сурилган.
Учрашувда Бухоро давлат университети ректори А.Тўлаганов, “Ўзбектуризм” миллий компанияси Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси ўринбосари Б.Идиев, Маданият ва спорт ишлари вазирлигига қарашли маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси бошлиғи А.Муҳамедов, вилоят телерадиокомпанияси телевидение гуруҳи муҳаррири У.Раҳмонова номзоднинг дастури ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни кўппартиявийлик асосида ўтаётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани ифодаси эканини таъкидлади.Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.