Сўнгги пайтларда деярли урф бўлиб бораётган ортиқча дабдабабозлик оилалар ўртасида табақаланишга олиб келиб, соғлом оилавий муносабатларга, энг ёмони, фарзандлар тарбиясига салбий таъсир ўтказмоқда.
Маълумки, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлар халқимиз ҳаётининг ажралмас қисми. Кейинги пайтларда мазкур тадбирлар, айниқса, тўй расм-русумларида номақбул, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган одатлар кўпайиб, никоҳнинг муқаддаслигини англаш, янги қурилаётган оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қуда-андалар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ўрнига “кимўзар” дабдабабозликка берилиш, молу дунёга, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш ҳолатлари авж олмоқда. Айниқса, никоҳ тўйларига турли тадбирларнинг қўшилиб бораётгани, маҳаллалардаги қўни-қўшнилар орасида қаттиқ норозилик юзага келиши билан бирга, оилалар ўртасида табақаланишга, энг ёмони, фарзандлар тарбияси ҳамда соғлом оилавий муносабатларга салбий таъсир ўтказмоқда. Аслида тўй – ота-оналарнинг оила қураётган фарзандларини бахтли, тинч-тотув, аҳил турмуш кечиришига эришиш, авлодлар бардавомлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ифодаси бўлиши керак.
Тўй ва маросимлардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатлар, қудалар ўртасида ҳашаматли “борди-келди”ларнинг авж олаётгани турли салбий ҳолатлар, ҳатто оилавий ажримларни келтириб чиқармоқдаки, мазкур тадбирларни тартибга солиш бугунги кунда жамиятимиз учун ўта долзарб масала бўлиб турибди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тўй-ҳашамлар, оилавий маросимларни тартибга солиш мақсадида барча ҳудудларда тегишли таклиф ва тавсияларни тўплади, тегишли экспертлар томонидан ўрганилмоқда. Галдаги вазифа – барча ҳудудларнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатларидан келиб чиқиб, тўй-ҳашамларни тартибга солишга қаратилган аниқ тавсияларни шакллантириш ва ижрога йўналтириш.
Ҳар бир инсон жамиятда яшайди, шундай экан, жамият қоидалари билан, жамоатчилик билан ҳисоблашмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Кейинги йилларда тўйларимизда келин-куёвнинг унаштирилгандан то тўй кунигача бўлган муддатда нималар билан шуғуллангани, бир-бирига нималар совға қилганию, қаерларда сирли суҳбатлашгани, ҳали никоҳ ўқилмасидан хориж сафарларида бирга юргани ва ҳоказолар тўйга ташриф буюрган барча меҳмонларга намойиш этиладиган, меҳмонлар эса бу сюжетни кўз узмай томоша қиладиган одат пайдо бўлди. Дастлаб ўзини англаган кишиларнинг ғашига теккан бу иллатга энди кўзимиз ўрганди, нафақат кўзимиз ўрганди, балки тўйларда бу жараённи кутадиган, гўё ушбу ахмоқона сюжет намойиши бўлмаса, тўйнинг бир чети кемтикдек туюла бошлади...
Тўй сўнггида келин орқа ўгириб, гул отадиган, бир хил кийиниб олган дугоналари эса шовқин-сурон билан ушбу отилган гулни олишга интиладиган, шу йўл билан ўзининг ёхуд дугонасининг тез-орада “бахти очилишини” аниқлаб оладиган бўлди... Қизларимиз бу хатти-ҳаракати билан “мен эрга тегишни истайман, тезроқ бахтим очилсин”, дея ҳайқираётгандек, ҳар қандай миллий маънавиятнинг, андишанинг юзига тупураётгандек гўё...
Ўйлаб қоласан киши - уйига совчи келганини билган қизнинг отаси ёки акалари кўзига кўринишдан уялиб, қочиб юрган, келган совчиларга, турмушга чиқиши ҳақида фикри сўралганда, дув қизариб ерга қараш гўзал фазилати бўлган қизларимиздаги ҳаё пардасини биз – ота-оналар тортиб олмаяпмизми, биз ўзимиз қизларимизнинг бемаъни урфлар, “оммавий маданият” унсурларига бўлган иштиёқини рағбатлантириб, уларни сурбетликка, андишасизлик, ҳаёсизликка даъват этмаяпмизми?!
Шу тахлит қизларимизнинг бачкана, беҳаё қилиқларига ҳавас билан қарар, уларни рағбатлантирар эканмиз, эртага келин бўлиб борган хонадонидаги арзимас, кундалик икир-чикирлардан катта иллат ясаб, шовқин-сурон кўтармаслигига, “ҳуқуқлари поймол этилган, имкониятлари чекланган аламзада” либосини кийиб, ажралиш ҳаракатига тушиб қолмаслигига кафолатимиз борми?!
Фарзанд ҳаммамиз учун азиз, унинг камолини, гўзал бахтини кўрмакдан ортиқ саодат йўқ инсон учун. Аммо биз қилаётган ортиқча дабдабалар, кимўзар ҳашамдор маросимлару, мантиқсиз, кераксиз “борди-келдилар” фарзандимиз учун бахт мезони бўла олмаслигини қачон англаб етамиз?!
Қимматбаҳо мебел, оз фурсат ўтмай, урфдан қоладиган сарполар, ҳавога сувурилган пуллар билан фарзандимизга эҳтимол вақтинчалик, омонат тахт қуриб берармиз, аммо бу бемаъни орзу-ҳавасларимиз фарзандларимизни бахти яшашларига кафолат бўла олмайди. Аксинча, айни шу молпарастликларимиз, ўзимизни ўзгаларга кўрсатиб қўйишга уринишларимиз билан фарзандларимиз бахтига соя соляпмиз, катта сеп билан куёв эшигига борган қизимиз кўнглига калондимоғлик, олиб борган мол-дунёсидан сармастлик, куёв ва унинг хонадонини менсимаслик уруғларини қадаяпмиз, тўйдан кейинги можароларга ўзимиз сабаб бўляпмиз... Айрим оилалардаги ўзаро тушунмовчиликлар, арзимас икир-чикирлардан бошланиб, охири ажрим билан тугаб, норасида гўдаклар пешонасига “тирик етим” тамғасини тушираётган катта жанжалли низоларга ҳам ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлишаётгани ўта ташвишланарли ҳол...
Тўйхонага “ёр уйига келин пошшо ибо билан келибди”, деган ҳузурбахш, энтиктирувчи, миллийликка йўғрилган оҳанглар билан кириб келган келинчакнинг бир оздан сўнг юзини, елкалари очиқ либосда, таниш-нотаниш, маст-аласт кишиларнинг ҳаёсиз термилишлари остида куёв билан вальсга тушиб кетиши, катта мониторда икки ёшнинг “севги тарихи” намойиши андиша, ҳаё, қадр-қиммат, шаън каби маънавий фазилатларга, миллий қадриятларга жиддий путур етказмоқда, янгидан-янги бемаъни одатлар миллий анъаналаримиз илдизига болта урмоқда.
Бир хил либосдаги “келин навкарлар” нинг қилиқлари эса ҳеч бир замонавийлик, ҳеч бир маданият қолипига сиғмайди, бу маънавиятсизлик томошасидан одоб-ахлоқимиз, миллий қадриятларимизнинг оҳори тўкиляпти, маънавият, миллийликнинг юзи ерга қараяпти...
Бу иллатлар, “оммавий маданият”нинг миллийлигимиз, миллий анъаналаримиз, гўзал шарқона тарбиямиз ҳудудларини ишғол этиб олишига ота-оналар лоқайд қараб турар, фарзандларнинг одоб-ахлоққа “оломонча либос” кийдиришларини молиялаштириб, маънавиятсизлик, андишасизлик иллатларини авж олишига имкон яратаётганини хаёлимдан ўтказар эканман, бутун вужудимни “наҳот миллий анъаналаримизни обрўсизлантираётган бу каби иллатларга бирор чора йўқ бўлса, ёпирилиб келаётган маънавиятсизлик бўронларига дош берувчи кучни қаердан топиш мумкин, деган қўрқув эгаллайди...
Оний лаҳзаларда тафаккуримизда бир илинж, нажот “қад кўтаради”, бу нажотни қизларимиздан кутамиз, улардан умид қиламиз... Ўзи, сўзи, қалби, одоби, ахлоқий қиёфаси гўзал бўлган, маънавиятни, яхши инсоний фазилатларни ўзида жо этган қизларимизнинг орзу-ҳавас қулига айланмасликларидан умидвормиз... Кези келганда, уларнинг ота-оналарини “мантиқсиз орзу-ҳаваслар”дан қайтара олишига, ўз ақли, салоҳияти билан катталарга бахт бойликда, ҳашамдор тўйларда эмаслигини тушунтира олишларига ишонамиз.
Давлатимиз раҳбарининг Ёшлар иттифоқи қурултойидаги топшириқларига мувофиқ, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Қизларжон” барча таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва уюшмаган ёшлар ўртасида клублари ташкил этилди. Хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, келажак пойдевори бўлмиш қизларни Тўмарис, Нодирабегим, Зулфияхоним каби миллат ғурурига айланган буюк сиймоларнинг муносиб давомчилари сифатида тарбиялаш, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз асосида камол топтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Мазкур клуб қизларимиз, айниқса, уюшмаган қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, мамлакатимизда ва дунёда юз бераётган ижтимоий-маданий ходисаларни қиёсий таҳлил қилишга, тенгдошлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга кўмаклашади, уларни миллий урф-одатлар ва қадриятларимиз, миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга, ёш оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга хизмат қилади. Шунингдек иқтидорли, ташаббускор қизлар сафининг кенгайишини таъминлайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвнинг “Қиз бола – бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир”, деган эътирофи миллат давомчилари бўлмиш қизларимизни оилага, жамиятга, давлатга муносиб инсонлар қилиб тарбиялашда ҳар бир инсон масъул эканлигини англатади.
Ҳа, қизларимиз миллий қадрият ва ўлмас анъаналаримизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш йўлида муносиб маънавият посбонлари бўла олишидан, уларнинг гўзал хулқ-атвор ва тарбия, одоб-ахлоқ, шарқона маданият, доимий ҳушёрлик ва масъулият билан, бир сўз билан айтганда, юксак маънавиятимиз ила “оммавий маданият” ниқоби остидаги мафкуравий таҳдид ва хуружларга, ёт ва вайронкор иллатларга қарши мустаҳкам маънавий қалқон бўлиб хизмат қилишидан умидвормиз...
Фарзандларимиз миллат виқорини, миллий анъаналаримизни сиқиб чиқаришга уринаётган, маънавиятимизни, миллатимизни ошкора обрўсизлантираётган бундай ғарбона, ғайриахлоқий иллатларга қарши тура олиши учун, аввало, уларни маънавий фазилатлар билан қуроллантиришимиз, гўзал шароқона тарбиямиз билан уларга тоза фитрат бағишлашимиз лозим. Бунга эса миллат тарбиячилари сифатида биз – оналар масъулмиз, зеро, ҳукамолардан бири таъкидлаганидек, «Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати қизларнинг яхши тарбиясига боғлидур».